Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Сингапур Республикасига ташриф буюрди
2019-03-13 | Маданият
Маданият вазири Малайзия мамлакатига қилган хизмат сафаридан сўнг Сингапур Республикасига ташриф буюрди.
Сингапур маданияти ўзига хос жозибаси билан жаҳонга ном таратган. Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Сингапур Республикаси Маданият жамоатчилиги ва ёшлар вазири Грейс Фу билан учрашди. Грейс Фу мулоқот чоғида Ўзбекистон унинг юрагидан алоҳида жой олган мамлакатлардан бирилигини эътироф этди. Унинг жўшқинланиб гапирган сўзлари, яъни доим Ўзбекистонга ҳурмат билан қараши ва бундай жаннатмакон юртни ҳеч бир давлатга ўхшатиб бўлмаслигини таъкидлади.
Учрашувда маданий туризмни ривожлантириш, маданий тадбирларни ташкил этишда тажриба алмашиш, фестивалларда икки давлат фуқароларининг хусусан, Сингапур давлатида ҳар йили февраль ойида ўтказиб келинаётган “Чингай парад” фестивалида мамлакатимиз вакилларининг узлуксиз иштирок этишлари, Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид кўргазма ташкил этиш, “Эспаланда” ва бошқа тажрибали театрлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уни ривожлантириш ҳамда Сингапур давлатида “Ўзбекистон маданияти кунлари” маданий дастурларини мунтазам ўтказиш каби масалаларнинг муҳокамалари бўлиб ўтди.
LASALLE санъат коллежи раҳбари Стив Диксон билан маданият соҳасидаги таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тажрибалар билан ўртоқлашиш бўйича фикрлар алмашишди.
Учрашувдан сўнг, Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Сингапурнинг диққатга сазовор жойларидан бўлмиш Ислом музейига ташриф буюриб, у ердаги Ўзбекистон тарихига оид манбалар билан танишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги