Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистонда ўн учинчи вакцина миллий эмлаш календарига киритилди

2019-03-13 | Соғлиқни сақлаш

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ўзбекистонда папиллома вирусига қарши янги вакцинанинг татбиқ этилиши: мақсад ва кутилаётган натижалар” мавзусида матбуот анжуманида ташкил этилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида айтилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 370 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, улардан 190 мингтаси ушбу касаллик оқибатида вафот этади. Дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва кенг тарқалган саратон хасталиги ҳисобланади. Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратонидан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар (15 – 44 ёш) орасида эса бачадон сартонидан ўлим кўрсаткичи бўйича иккинчи ўринда туради.

Маълумотларга кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 1600 нафардан зиёд аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда. Одам папилломаси вирусига (ОПВ) қарши эмлаш эса аёлларда учрайдиган бачадон бўйни саратонининг олдини олишнинг самарали усулларидан бири ҳисобланади. Ўсмир ёшдаги қизларни режали эмлаш келгусида 1100 та касалланиш ҳолати ва бачадон бўйни саратони касаллигидан юзага келадиган ўлим ҳолатининг олдини олишга ёрдам беради. ОПВга қарши режали эмлаш 92 давлатда, улар орасида ЖССТ Европа минтақасидаги 36 давлатда ҳам қўлланиб келинмоқда. Эмлашнинг бачадон бўйни саратонини камайтиришдаги юқори самараси клиник синовлар даврида, шунингдек, ушбу вакцина кўп йиллардан бери қўлланиб келинаётган давлатлар (Австралия, Канада, Дания, Ирландия, Швеция, Финляндия, Янги Зеландия, Шотландия, АҚШ) мисолида кўринган.

Миллий эмлаш календари бўйича юртимизда болалар 12 та бошқариладиган инфекцияга қарши давлат ҳисобидан профилактик эмланади. ОПВга қарши вакцинанинг 13-эмлаш сифатида жорий қилиниши эса яна бир оғир касаллик — бачадон бўйни саратони хасталигининг олдини олишга хизмат қилади. Жойларда Глобал вакцина ва иммунизация альянси ёрдамида қурилаётган музлатгичли омборларда вакциналар сифатли сақланади ва тарқатилади. Вакциналар жорий йилнинг биринчи ярмида юртимизга олиб келина бошлайди. Октябрь ойидан бошлаб эса 400 минг нафарга яқин 9 ёшли қизлар мактабларда ва тиббиётнинг бирламчи бўғинларида эмланади. 2020 йил апрелида улар иккинчи марта эмланади.

– 2010 йилда мамлакатимизнинг бир неча вилоятларидан 8000 нафар қиз ушбу вакцина билан эмланди ва улар диққат билан кузатилди. Ҳозирда айримларининг оиласи ва фарзандлари бор. Ўтган даврда уларнинг репродуктив саломатлигида эмлашнинг ҳеч қандай ножўя таъсир ёки асорати кузатилмади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова. – Жорий йилдан бошлаб ушбу вакцина миллий эмлаш календарига киритилади ва қизлар давлат ҳисобидан бепул эмланади. Натижада, Ўзбекистонда 2060 йилларга бориб аёлларнинг бачадон бўйни саратони билан касалланиш ҳолатларига барҳам берилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Поделиться