Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ўзбекистон-Нидерландия” агро-бизнес-форуми ва «В2В» форматида учрашув бўлиб ўтди
2019-03-13 | Иқтисодиёт
2019 йил 12 март куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистон-Нидерландия” агро-бизнес-форуми ва икки мамлакатнинг ишбилармон доира вакиллари билан «В2В» форматида учрашув бўлиб ўтди.
Нидерландия Қироллигининг (Москва резиденцияси) элчиси Рене Джонс-Бос бошчилигидаги делегация таркибидан қишлоқ хўжалиги, хусусан, мева-сабзавотларни етиштириш ва қайта ишлаш, инновацион суғориш тизимлари, ўсимликларни етиштириш, иссиқхоналар қуриш, совутиш ускуналари, йирик чорва қорамолларни етиштириш, боғдорчилик, мевали дарахтларни етиштириш, йилқичилик, замонавий иссиқхоналар учун қуёшдан ҳимояловчи воситалар, паррандачилик ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи етакчи 45 та компания вакиллари ўрин олган.
Учрашув давомида Нидерландия Қироллигининг делегация вакиллари Ўзбекистонда инвестицион муҳитни янада яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
Икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокидаги “В2В” учрашувида Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, жумладан, икки мамлакат корхоналарининг ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, 2018 йилги ўзаро товар айланмасининг ҳажми 147,26 млн. АҚШ долларини ташкил этди, улардан 11,58 млн. АҚШ доллари экспорт, 135,68 млн. доллар импортга тўғри келади.
Ўзбекистон Республикасидан Нидерландияга металлар, машина ва ускуналар, мева-сабзавот маҳсулотлари, ноорганик кимёвий моддалар, тўқимачилик маҳсулотлари, пластмассадан тайёрланган буюмлар ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилишади.
Нидерландия Қироллигидан Ўзбекистонга кимёвий маҳсулотлар, машина ва ускуналар, мева-сабзавот маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, уй ҳайвонлари, оптик асбоблар ва бошқалар импорт қилинади.
Мамлакатимизда Нидерландия капитали иштирокида 47 корхона мавжуд. Шу жумладан: 30 таси қўшма корхоналар, шундан 17 таси 100% Нидерландия капитали асосида фаолият юритиб келмоқда. Республикада 9 та озиқ-овқат ва енгил саноатда фаолият юритадиган Нидерландия компаниясининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.
14 март куни делегация вакиллари Наманган вилоятининг қишлоқ хўжалиги корхоналари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун салоҳият ва имкониятларни намойиш этиш мақсадида Наманган вилоятига ташриф буюришади.
Шунингдек, ташриф давомида Нидерландия делегацияси вакиллари Тошкентда “AgroWorld-2019” халқаро кўргазмасида иштирок этишни режалаштирмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси