Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанд ва Жиззах вилоятларида гилос плантацияларини ким барпо этади?
2019-03-12 | Иқтисодиёт
Пойтахтимизда“Ўзбекистон – Нидерландия” агро-бизнес форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташкил этган тадбирда Нидерландия Қироллигининг (Москва резиденцияси) элчиси Рене Джонс-Бос бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Айни вақтда юртимизда Нидерландия билан ҳамкорликда 47 корхона фаолият юритмоқда. Шундан ўттизтаси қўшма корхона бўлиб, улар юз фоизНидерландия капитали асосида фаолият юритмоқда. Озиқ-овқат ва енгил саноат йўналишида фаолият юритаётган ўнга яқин Нидерландия компанияси ўз ваколатхонасини Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказган.
Таъкидлаш жоизки, икки давлат ўртасида 2018 йилги ўзаро товар айланмасининг ҳажми 147,26 миллион долларга етди. Улардан 11,58 миллион доллари экспорт, 135,68миллион доллари эса импортга тўғри келади.
Ўзбекистон ҳозирда Нидерландияга металлар, мева-сабзавот маҳсулотлари, ноорганик кимёвий моддалар, тўқимачилик маҳсулотлари, пластмассадан тайёрланган буюмлар кабиларни экспорт қилмоқда. Нидерландия Қироллигидан эса кимёвий маҳсулотлар, машина ва ускуналар, мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари, уй ҳайвонлари, оптик асбоблар ва бошқалар харид қилинмоқда.
Шу боис ҳам форумда мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш, инновацион суғориш тизимлари, мевали дарахтлар, ўсимликлар етиштириш, иссиқхоналар қуриш, совутиш ускуналари, чорвачилик ва паррандачилик, замонавий иссиқхоналар учун қуёшдан ҳимояловчи воситалар ишлаб чиқариш каби йўналишларда фаолият юритувчи қирқдан ортиқ компания вакиллари иштирок этмоқда.
– Ўзбек гилослари ўзига хос таъми билан дунёда машҳур, –дейди “Holland Rosetta” компаниясининг савдо менежери Ҳузайфа Ибраҳим.–Биз ҳам бу борада ҳамкорлик қилиш ниятида келганмиз. Самарқанд ва Жиззах вилоятларида гилос плантациялари барпо этиш лойиҳасини ишлаб чиқдик.Серқуёш иқлим ва унумдор тупроқдан унумли фойдаланиб улкан ютуқларга эришамиз деган фикрдамиз. Бир ҳафта оралиғида кўчатларни экишни бошлаймиз. Биз ҳамкорларимизга соғлом кўчатлар сотиш билан бир вақтда замонавий техника ва технологияларни ҳам таклиф қиламиз.
Учрашув давомида Нидерландия Қироллигининг делегация вакиллари Ўзбекистонда инвестицион муҳитни янада яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
– Ўзбекистонга келишдан асосий мақсад юртимиз тадбиркорларининг фаолияти ва инновацион ишланмаларини тақдимотини ўтказиш орқали алоқаларни мустаҳкамлаш, – дейди Нидерландия Қироллигининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича маслаҳатчиси Меувес Браувер. – Шу боис нафақат Тошкентда балки бошқа вилоятларда ҳам бўлиб, мулкдорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилмоқчимиз.Ўйлайманки, бу ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришда қўл келади.
Форум доирасида икки мамлакатнинг ишбилармон доира вакиллари билан “В2В” форматида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, жумладан, икки мамлакат корхоналарининг ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
–Нидерландия кичкина мамлакат бўлса-да, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспортида АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради, – дейди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирини биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев.–Чорвачилик маҳсулотларини жуда юқори сифат ва ҳажмда ишлаб чиқариши, улар тайёрлаган пишлоқ бутун дунёда севиб истеъмол қилиниши ҳаммага аён. Шуни эътиборга олиб, ўсимликшунослик, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишларида ҳамкорлик қилмоқчимиз. Хусусан,чорвачилик йўналишида 10 миллион евролик лойиҳани амалга оширмоқчимиз. Бунда уларнинг технологияси асосида ферма қурилиб, чорва моллари етиштириш ва олинган маҳсулотни қайта ишлаш йўлга қўйилади.
Юртимизда бир неча кун бўлиши кутилаётган делегация вакиллари Наманган вилоятида бўлиб, қишлоқ хўжалиги корхоналари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиши мўлжалланмоқда. Шунингдек, уларэртага Тошкентда бошланадиган “AgroWorld-2019” халқаро кўргазмасида иштирок этишни режалаштирмоқда.
Сайёра Шоева, ЎзА
Манба: ЎзА