Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзсаноатқурилишбанк ва KEB Hana Bank ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди
2019-03-12 | Иқтисодиёт
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва KEB Hana Bank (Корея Республикаси) ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
Ҳужжат икки мамлакат банки мижозлари ўртасида пул ўтказмалари борасида ҳамкорлик режасини биргаликда ишлаб чиқиш ва маркетингни илгари суриш, хизматлар сифатини яхшилаш бўйича музокаралар олиб бориш, пул ўтказмалари бозори ва меъёрий ҳужжатлар юзасидан ахборот алмашиш ҳамда банкнинг тармоқ мутахассислари учун ўқув семинарларини ташкил этишга қаратилган.
KEB Hana Bankнинг Корея пул ўтказмалари бозоридаги улуши қарийб 60 фоиз ёки 3,2 млрд. долларни ташкил этади.
2018 йил ҳолатига кўра, Корея Республикасида қарийб 70 минг ўзбекистонлик мигрантлар мавжуд бўлиб, уларнинг деярли ярми меҳнат муҳожирларидир. 2018 йилда улар учун қулайлик яратиш мақсадида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан АҚШ доллари ва еврода мазкур Корея банкида “Ностро” корреспондентлик ҳисоб рақамлари очилган.
KEB Hana Bank Ўзбекистон учун алоҳида “Востро” ҳисоб рақамларини очиш учун нархни ҳамда банкоматлар (easy-one service) ва мобил иловалар (mobile banking) орқали ўтказмалар учун воситачилик миқдорини пасайтирди. Масалан, ҳар қандай пул ўтказмаси суммаси учун мижоз 8 минг корея вонаси (7 АҚШ доллари) миқдорида комиссия тўлайди. Бундан мустасно ҳолатда, чунончи, мобил илова орқали 10 минг АҚШ доллари (ва/ёки ундан юқори миқдори)да пул ўтказмоқчи бўлса, мижоз 10 минг корея вони (9 АҚШ доллари) миқдорида комиссия тўлайди.
Маълумот учун: KEB Hana Bank 1967 йилда ташкил этилган. Активлар ҳажми бўйича Жанубий Кореяда энг йирик банк ҳисобланади. Ҳозирги кунда Европа, Яқин Шарқ, Жанубий Америка ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги 24 мамлакатда 160 дан зиёд филиалларга эга. Банк ўз мижозларига кенг турдаги банк хизматларини тақдим этади.
2018 йил 31 декабрь ҳолатига банк активларининг умумий ҳажми 340,1 млрд. АҚШ долларига тенг, умумий капитали – 24,0 млрд. АҚШ доллар миқдорида. Ҳисобот даврида банк томонидан мижозларга 179,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган. Кўрилган соф фойдаси – 1,8 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.
Манба: Ўзсаноатқурилишбанк