Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Республикамиз ҳудудларида томчилатиб суғориш технологиясини ишлатиш ва ундан фойдаланиш бўйича ўқув-семинарлар ўтказилмоқда

2019-03-11 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Сув хўжалиги, Қишлоқ хўжалиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари томонидан ишлаб чиқилган “Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилувчи пахта хом ашёсини етиштирувчилар учун жойларда қисқа муддатли курсларни ташкил этиш бўйича ўқув дастури”нинг режа-графигига асосан шу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари, кластер ташкилотларининг раҳбарлари, соҳа олим ва мутахассислари, томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқарувчи, лойиҳаловчи, қурувчи корхоналар вакиллари иштирокида ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.

Ўқув-семинарлар давомида Тошкент давлат аграр университети ҳамда унинг Нукус, Андижон ва Термиз филиаллари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда унинг Бухоро филиали профессор-ўқитувчилари, ишлаб чиқарувчилар томонидан иштирокчиларга қишлоқ хўжалик экинларини суғоришнинг замонавий ва ресурстежамкор технологияларини, жумладан, томчилатиб суғоришни жорий қилишнинг афзалликлари, томчилатиб суғориш тизимини қуриш, ундан фойдаланиш тартиблари, ушбу технология асосида ғўза парваришлашнинг муҳим жиҳатлари батафсил тушунтириб берилмоқда.

Шунингдек, ўқув-семинарлар давомида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича қурувчи ташкилотлар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ўртасида шартномалар ҳам имзоланмоқда.

Жойларда ўтказилаётган ўқув-семинарлар жорий йил 13 мартга қадар давом этади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги тегишли қарорига мувофиқ томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган пахта хомашёси ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчиларга бир қатор имтиёзлар берилиши кўзда тутилган. Жумладан, томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун пахта хомашёси экиладиган майдоннинг ҳар бир гектарига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 8 миллион сўм субсидия тақдим этилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 миллион сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизли пункти миқдорида қоплаб берилмоқда.

Қурилиш ишлари амалга оширилаётган ҳудуларда хориждан олиб кирилаётган томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашёлар божхона божини тўлашдан озод этилмоқда.

Бундан ташқари, томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган майдон 5 йил муддатга ер солиғидан озод этилади.

Ҳозирги кунда республикамизнинг барча ҳудудларидаги бир қатор туманларда пахта етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш лойиҳаси бўйича қурувчи корхоналар томонидан ишлар бошлаб юборилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларида томчилатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича Маслаҳат марказлари фаолияти йўлга қўйилган.

Томчилатиб суғориш технологиясининг асосий бутловчи қисмлари республикамиздаги маҳаллий корхоналар – “Eco Drip lux”, “Agro Drip”, “Debyt”, “Pipe technologies” ва “Шўртангаз кимё мажмуаси” МЧЖларда ишлаб чиқарилмоқда.

Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги

Поделиться