Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan 100 нафар қизлар учун янги технологиялар дунёсини очди
2019-03-06 | Фан
8-март Халқаро хотин-қизлар куни арафасида турли ёшдаги 100 нафар қизлар иқтидорини оширишга ва технология соҳасига жалб этишга йўналтирилган DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan таълим дастурида иштирок этди.
DigiGirlz – Microsoft корпорациясининг қизлар учун таълим соҳасига илм-фан, технология, муҳандислик ва математика соҳаларини такомиллаштирувчи дастуридир. Дастур келгусида глобал иқтисодиётнинг муаммолари ва чақириқларига тайёр турувчи ходимларни тайёрлаш учун мўлжалланган.
Дастур иштирокчилари 2-3 март кунлари маърузалар ва амалий машғулотларда иштирок этдилар. Microsoft корпорациясининг таълим ечимлари бўйича мутахассиси Теадора Варбанова, D:CODE компаниясининг лойиҳалар менежери Ксения Сардина, Super Dispatch компаниясининг UI/UX дизайнери ҳамда DaVinci Soluntions компаниясининг раҳбари Анна Ефимовалар виртуал ҳақиқат ҳамда уларнинг тенденциялари ҳақида, шунингдек, мобил иловалар учун интерфейс дизайнлари, касб танлаш ва муваффақиятга эришиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.
Кичик гуруҳ аъзолари (12 ёшдан 14 ёшгача бўлган қизлар) акула ҳаракати симуляторини яратиш устида ишлашган бўлса, катта гуруҳ эса ҳимоя бош кийимини яратишда иштирок этди. Ушбу қурилмаларни яратиш учун қизлар Arduino тўплами ва ёрдамчи материаллардан фойдаланишди.
6 март куни қизлар Microsoftнинг Марказий ва Шарқий Европадаги бош менежери Анке Ден Оуденнинг DigiGirlz дастурининг мақсадлари ва Microsoftнинг қизлар иқтидорини ошириш борасидаги фаолияти ҳақидаги маьрузасида иштирок этишди.
Шунингдек, дастур иштирокчилари ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказишди. Таълим дастурининг натижаларига кўра, барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Энг фаол иштирокчиларга Arduino тўпламлари топширилди.
Халқ таълими вазири ўринбосари Сарвар Бабаходжаев: “Биз, мактаб ўқувчи қизларига технология соҳаси имкониятларини тақдим этувчи ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаётганимиздан хурсандмиз. Бугунги кунда Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатимизда таълимни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда ва бундай тадбирлар ахборот технологиялари соҳасига келгусида янада кўпроқ қизларни жалб қилади. Ҳозирги кунда юртимизга инновацион ечимлари билан мамлакатни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган ижодий мутахассислар керак” деб таъкидлади.
Тошкентдаги Инҳа университетининг ректори вазифасини бажарувчи Музаффар Жалолов шундай дейди: “Ўзбекистонни ахборот жамиятига ўтиши шароитида аёлларнинг инновацион салоҳиятини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan таълим дастури Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида иккинчи марта ўтказилмоқда. Биз мамлакатимизнинг турли минтақаларидаги қизларнинг ахборот технологиялари соҳасига қизиқиши тобора ортиб бораётганига амин бўлдик. Таъкидлаш жоизки, бундай лойиҳалар ёрдамида соҳага қизиқувчи ёшларнинг сони жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. Шу муносабат билан келажакда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг инновацион салоҳияти, менимча, фан, маданият ва таълим соҳасидаги ўзгариш жараёнларида иштирокини таъминлай олишга қодир. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети учун энг асосийси - ёш иштирокчи қизларнинг лойиҳа доирасида амалга ошираётган ўз ишларидан фахрланишларини ҳамда АТ соҳасида ўз салоҳиятларини ривожлантиришларидан манфаатдор эканликларини кўришдир”.
166-мактаб ўқувчиси Диёра Рўзиматова ўз таассуротлари билан ўртоқлашди: “Бу лойиҳа келажакда ўз касбимни танлашда жуда катта ёрдам берди. Аминманки, мазкур технологиялар келажакда мукаммал дастурчи бўлишимизда зарур бўлади. Келгусида дугоналаримга қизларнинг қўлидан ҳам дастурлаш ишлари келишини тушунтираман. STEM va IT технолигиялари соҳасида ўз мактабимда тадбирлар ўтказишга ҳаракат қиламан”.
DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan ташкилотчилари - Microsoft корпорацияси ва Тошкентдаги Инҳа университетидир. Тадбир Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Bellissimo” ва “Сочная Долина” компаниялари кўмагида ўтказилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги