Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Давлат божхона қўмитасининг шахсий таркиби билан учрашди
2019-03-06 | Жамият
Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Давлат божхона қўмитасининг шахсий таркиби иштирокидаги тантанали тадбирда қатнашди. Видеоконференция тарзида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Миллий кинология маркази ва Божхона институти шахсий таркиби ҳам масофадан туриб иштирок этишди.
Учрашувда Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби К.Микурияга мамлакатимиз божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кўргазмали тарзда батафсил маълумотлар берилди, шу мавзуда тайёрланган инглиз тилидаги махсус ролик ҳам намойиш қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2017-2021 йиллар учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳалар қатори божхона соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2018 йилда божхона органлари фаолиятини тубдан ислоҳ этиш, тадбиркорлик ва туризмни жадал ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган 46 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, 2018 йил 1 январдан республикамизнинг халқаро аэропортларида икки йўлакли (“қизил” ва “яшил”) тизим ишга туширилди. Юкларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишда 4 йўлакли (“қизил”, “сариқ”, “яшил” ва “кўк” йўлаклари) автоматлаштирилган Хавфни бошқариш тизими 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб тўлақонли равишда амалиётга тадбиқ қилинди.
Тадбирда сўз олган Бош котиб Жаҳон божхона ташкилоти ва Ўзбекистоннинг кўп йиллик ҳамкорлигига асосий эътиборни қаратди. Ўзаро ҳамкорлик Ўзбекистоннинг божхона қонунчилигини умумқабул қилинган халқаро стандартлар, меъёрлар ва амалиёт билан уйғунлаштириш борасида жадал ривожланаётганини таъкидлади. Зеро, норасмий равишда “Жаҳон божхона тажрибаси маркази” дея номланадиган Жаҳон божхона ташкилотида бу борада бой илғор тажриба жамланган.
Бугунги кунда Ўзбекистон Давлат божхона хизмати органлари томонидан ишлаб чиқилаётган янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳаси ҳам божхона процедураларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш бўйича Киото конвенциясига қўшилиш сари дадил қадамдир.
Бош котиб Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга қаратилган аниқ мақсадли ислоҳотларни, бу борадаги очиқ ташқи сиёсатини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди. Мамлакатнинг иқтисодий, маданий ва тарихий жиҳатдан минтақада стратегик ўринга эгалигини ҳисобга олиб, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишида Жаҳон божхона ташкилоти ҳам ўз ҳиссасини қўшишини маълум қилди.
Тадбир давомида давлат божхона хизмати органларида ўрнак кўрсатиб хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ фаол ходимларга шахсан Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби томонидан имзоланган нуфузли сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Тантанали тадбирдан сўнг Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби К.Микурия Давлат божхона қўмитасининг Божхона экспертизаси ва ТИФ товарлар номенклатурасини юритиш бошқармаси қошидаги лаборатория ҳамда “Божхона тарихи” музейи фаолияти билан яқиндан танишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси