Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида бизнинг Наманган шаҳрида жойлашган “ANAMED” хусусий диагностика маркази фаолияти билан ҳам танишиб, жамоамиз билан самимий мулоқотда бўлгани барчамизнинг кўнглимизни тоғдай кўтариб, ғурур-ифтихор бағишлади. Зиммамизга янада катта масъулият юклаб, янги марралар сари ундади.
Хусусий диагностика марказини бундан икки йил олдин ташкил қилган эдик. Давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор лойиҳанинг иккинчи босқичи борасидаги мақсадимизни рўёбга чиқариш йўлида бизга кенг имкониятлар эшигини очди. Ўтган давр мобайнида лойиҳанинг биринчи босқичида кўзда тутилган диагностика фаолиятини йўлга қўйиб, бу борада жаҳон андозалари даражасида тиббий диагностика хизмати кўрсатилишига эришдик. 52 ўринли стационар даволаш бўлими ҳам фаолият бошлаш арафасида турибди.
Нейрожарроҳлик, неврология, кардиология, урологияга ихтисослашган ушбу марказ илғор диагностика ва тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган. Жумладан, марказга келтириб, ишга туширилган охирги авлод УТТ аппарати ташхис аниқлиги ва функционал имкониятлари нуқтаи назаридан мамлакатимизда қўлланилаётган саноқли ускуналардан биридир. Шунингдек, марказнинг лаборатория, невропатология, радиология, эндокринология бўлимларида ҳам “General Elektrik”, “Siemens” каби машҳур компанияларда ишлаб чиқарилган тиббиёт техникалари воситасида юртдошларимизга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Кўчма рентген, нейрожарроҳлик столи, анестезиология ускунаси, микроиқлим ҳосил қилиш, ёритиш, сунъий нафас олдириш ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича энг замонавий қурилмалар билан жиҳозланган иккита жарроҳлик блокида жаҳон андозалари даражасида жарроҳлик амалиёти ўтказиш мумкин. Жонлантириш хоналари автоном коммуникация тизими билан жиҳозланган бўлиб, бу хоналарда муайян беморга қулай ва зарур иқлим шароити ҳосил қилиб берилади.
Бундан ташқари, жорий йилда шифо масканимизга “Siemens Acison SC 2000” русумли кардиоУЗИ, Буюк Британиянинг “BTL” компаниясида ишлаб чиқарилган физиотерапия муолажа ускуналари жамланмаси келтириб, ишга туширилди.
Албатта, муассасамизда техник таъминот билан бир қаторда замонавий ускуналар билан ишлай оладиган малакали кадрлар жамоасини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада илмий-амалий ҳамкорлик бўйича Қозон шаҳрининг минтақалараро клиник диагностика маркази билан меморандум имзоланган бўлиб, бир гуруҳ шифокорлар у ерда малака ошириб қайтди. Улар ўзлаштирган билим ва маҳоратини амалиётга татбиқ этиш баробарида, ҳамкасбларига ҳам ўргатмоқда.
Буюк Британия, Япония ва Россия каби давлатларнинг етакчи диагностика марказлари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Бир гуруҳ шифокорларимиз ушбу мамлакатларда малака ошириб қайтган. Ҳиндистон ва Россиядан тажрибали шифокорлар ишга жалб этилган.
Президентимизнинг марказимиз билан танишиб, ходимлар билан юзма-юз самимий мулоқот қилгани бутун жамоа, жумладан, муассаса раҳбари, тадбиркор сифатида мен учун ҳам ғоятда аҳамиятли бўлди.
Давлатимиз раҳбари бошлаган ишимизга, эришган натижаларимизга, марказнинг қурилиши ва жиҳозланишига юқори баҳо бериш баробарида, фаолиятимизни янада такомиллаштириш юзасидан қимматли маслаҳатлар берди. Биз ўша куниёқ Президентимиз ўртага ташлаган ғоялар асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш режаларини ишлаб чиқдик. Жумладан, жорий йил иккинчи чорагидан бошлаб муассаса қошида ўқув маркази ташкил қилиш ва бу ерда мамлакат миқёсида врачлар малакасини ошириш, юқори малакали ҳамширалар тайёрлашни йўлга қўямиз. Ўқув машғулотлари ўтиш учун хорижда ўқиб келган маҳаллий ҳамда чет эллик мутахассислар, илғор технологиялар жалб этилади. Ушбу марказда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган шифокор ва ҳамширалар ҳам назарий, ҳам амалий малака ошириш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, Президентимиз тавсияларига асосан мобиль диагностика хизматини йўлга қўймоқчимиз. Махсус УТТ, қон таҳлили лабораторияси ва бошқа диагностика ускуналари билан жиҳозланган автобус олдиндан ишлаб чиқилган жадвал асосида вилоятнинг чекка қишлоқларида юртдошларимизга юқори сифатли тиббий диагностика хизмати кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг сўз ва амалдаги фаолияти биз учун ибрат ва андоза бўлмоғи керак, аниқроғи, бугун эзгу мақсад ва шунга муносиб саъй-ҳаракатлар давридир.
Н.Абдуллахонов,
Наманган шаҳридаги “ANAMED”
хусусий диагностика маркази раҳбари.
Манба: ЎзА