Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманган вилоятида замонавий уруғчилик корхонаси ташкил этилади
2019-03-04 | Инновация
Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Наманган момиқ сочиқлари” МЧЖ таъсисчилигида Наманган вилояти Мингбулоқ туманидаги “Art soft tex claster” фермер хўжалиги негизида пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғликларини тайёрловчи замонавий уруғчилик корхонаси ташкил этилиши режалаштирилди.
Лойиҳанинг қиймати 8,5 млн.АҚШ долларини ташкил қилиб, лойиҳа доирасида 130 та янги иш ўринлари яратилади.
“Art soft tex claster” корхонасида уруғликни тайёрлаш учун Мингбулоқ ва Поп туманларидаги барча уруғчилик хўжаликлари билан уруғлик етиштириш бўйича тегишли шартномалар тузилиши назарда тутилган. Шунингдек, “Art soft tex claster” МЧЖнинг уруғчилик корхонаси уруғларини қабул қилиш, тозалаш, саралаш, калибрлаш, дорилаш, қадоқлаш ва сақлаш ҳамда сифатини аниқлаш бўйича замонавий технология ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланади.
Бундан ташқари, “Art soft tex claster” МЧЖнинг уруғчилик корхонасига улуш сифатида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази ДУКнинг Мингбулоқ туманидаги уруғлик чигит тайёрлаш цехи киритилади.
“Art soft tex claster” уруғчилик корхонасида уруғларни етиштириш жараёни илмий ёндашув орқали амалга оширилиб, селекция ва уруғчилик йўналишидаги 8 та илмий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатилади. Шунингдек, корхонага беш нафар ёш олимлар бириктирилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги