Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Аъло таътил" лойиҳаси энди байрамлар муносабати билан бериладиган дам олиш кунларида ҳам ўтказилади
2019-03-01 | Таълим
Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Камалак“ болалар ташкилоти ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган "Аъло таътил" дам олиш ва ижод оромгоҳининг II мавсуми эълон қилинди.
“Аъло таътил“ лойиҳаси Республика ҳамда халқаро миқёсдаги фан олимпиадалари, танлов ва фестивалларда ютуқларга эришиб келаётган иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилмоқда. Хусусан, мазкур лойиҳа фанларни аъло ўзлаштираётган, иқтидорли болалар учун бошқа тенгдошлари билан тажриба алмашишлари учун умумий мулоқот майдонларини яратади. Болаларни касб-ҳунарга йўналтириб, уларнинг қизиқишларини ривожлантиради. Қолаверса, ўғил-қизларда лидерлик, таҳлилий ва танқидий тафаккурни, вақтни бошқариш ҳамда мақсадларни белгилаш, замонавий шахс ва кўникмаларни шакллантиради. Эътиборлиси, профилактик рўйхатда турувчи ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ва ўқув мотивациясини ошириб, уларнинг жамиятга ижтимоий-психологик мослашувини ташкил этишга кўмаклашади. Шу боисдан ҳам мазкур лойиҳа болаларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, “Камалак” болалар ташкилотининг нуфузини болалар ўртасида ошириш ва сардорлик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида уюшқоқлик билан ташкил этиб келинмоқда.
Лойиҳанинг II мавсуми жорий йилнинг 5-9 март кунлари Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида жойлашган “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг халқаро ёшлар оромгоҳи”да бўлиб ўтади. Лойиҳада республика бўйича 10-16 ёшдаги ўқувчилар қўйидаги тавсифлар бўйича иштирок этишлари мумкин:
халқаро фан олимпиадалари ғолиблари;
фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари;
фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган синф, мактаб сардорлар кенгаши аъзолари;
фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган сардор бўлмаган ўқувчилар;
профилактик рўйхатда турувчи (тарбияси яхши томонга ўзгараётган) ўқувчилар.
Республика ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, профилактик рўйхатда турувчи (тарбияси яхши томонга ўзгараётган) ўқувчилар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (фанларни аъло ўзлаштираётган) 84 нафар ўқувчилар Халқ таълими вазирлиги орқали шакллантирилган рўйхат асосида, Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган синф, мактаб сардорлар кенгаши аъзолари, Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган сардор бўлмаган 98 нафар ўқувчилар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан танлов асосида сараланган ҳолда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
II мавсумда 182 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, “Аъло таътил“ лойиҳасининг I мавсумида Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 192 нафар аълочи ўқувчилар 3-10 январь кунлари Қишки таътил вақтларини мароқли ўтказишган эди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги