Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Инфляция: моҳияти, сабаблари ва намоён бўлиш шакллари ҳамда иқтисодиётдаги ўрни” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди
2019-03-01 | Иқтисодиёт
2019 йил 28 февраль куни Миллий матбуот марказида “Инфляция: моҳияти, сабаблари ва намоён бўлиш шакллари ҳамда иқтисодиётдаги ўрни” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда, Давлат статистика қўмитаси раҳбарияти, марказий аппарат тармоқ бошқармалари бошлиқлари, Тошкент вилоят ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари ходимлари, Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари маркази ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Инфляция - бу барча товар ва хизматларга бўлган нархларнинг кўтарилишидир. Инфляция даражасини ҳисоблашда асосан нархларнинг ўсиш динамикасини ифодаловчи кўрсаткичлардан фойдаланилади. Инфляцияни ҳисоблашда асосий кўрсаткич - нарх индекси ҳисобланади.
Истеъмол нархлари индекси (ИНИ) – инфляция даражасини ифодалайдиган асосий кўрсаткичлардан бири бўлиб, ўртача истеъмолчи харид қиладиган товар ва хизматларнинг ўзгармас тўплами қийматининг умумий ўзгаришини ҳисоблайди, яъни маълум давр мобайнида, товар ва хизматлар истеъмоли миқдорининг ўзгармас бўлган ҳолида, аҳолининг истеъмол харажатлари умумий миқдорининг ўзгаришини ифодалайди. Истеъмол нархлари индексида, мамлакатнинг барча ҳудудлари бўйича турли товар ва хизматлар нархларининг ҳаракати ўртача даражага келтирилади.
Тадбирда таъкидланганидек, 2018 йилнинг январь-декабрь ойлари давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 14,9 % га қимматлашди. Бу эса ўз навбатида умумий ИНИнинг ўсишига 6,4 фоиз даражасида (кейинги ўринларда ф.д.) таъсир этди. Нон (28,5 %), гўшт (21,7 %), сут (12,9 %) ва мева-сабзавот (4,7 %) маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши натижасида ИНИ ўртача 5,5 ф.д.га ошишига олиб келди.
Ноозиқ-овқат товарлари нархларининг 12,5 % га ошгани ИНИнинг 4,4 ф.д.да ўсишига олиб келди. Кийим-кечак, пойабзал, газлама ва эшилган иплар, қурилиш моллари, дори-дармонлар, автомобиллар учун ёқилғи ва ёқилғи маҳсулотлари, шахсий гигиена маҳсулотлари нархларининг ошиши жами ИНИнинг 20,4 % га тенг бўлди ёки инфляциянинг умумий ўсишига 3,5 ф.д.да таъсир қилди.
Шунингдек, мамлакат аҳолисига хизмат кўрсатиш бўйича нархлар ва тарифлар йил давомида ўртача 15,8 % га ошди, бу эса, ИНИни умумий 3,5 ф.д.да ўсишига олиб келди. Ушбу соҳадаги асосий инфляция омиллари алоқа хизматлари тарифларини 11,7 % га, спорт хизматлари 15,5 % га, маиший хизматлар 12,2 % га, уй-жой коммунал хизматлари 25,6 % га, йўловчи ташиш транспорт хизматлари 14,8 % га, таълим хизматлари 17,0 % га ўсиб, ИНИни умумий ўсиш суръатига 3,0 ф.д.да таъсир кўрсатди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Нархлар статистикаси бошқармаси томонидан ҳар ойнинг якунида инфляция даражаси, нарх-наво кўрсаткичларига оид маълумотлар қўмитанинг www.stat.uz расмий сайтида, инфографика роликлари кўринишида “Ўзбекистон 24” ҳамда “Ўзбекистон” телерадиоканалларида шунингдек Давлат статистика қўмитасининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси ва Telegram мессенжерида гуруҳи орқали фойдаланувчилар эътиборига ҳавола этиб келинмоқда.
Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси томонидан мунтазам равишда мамлакатнинг етакчи олий ўқув юртларида ўтказилаётган семинарлар ва давра суҳбатларида ҳам Инфляция даражаси кўрсаткичларига оид маълумотлар эълон қилиниб, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.
Юқоридагилар қаторида, матбуот анжумани давомида мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари бўйича қиёсий статистик таҳлиллар тақдим этилди.
Матбуот анжуманида Давлат статистика қўмитаси мутахассислари журналистлар томонидан берилган барча саволларга атрофлича жавоб берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги