Ҳар бир марафон иштирокчи рўйхатдан ўтиш учун ташкилий қўмита ҳисобига 50 минг сўм маблағ ўтказишлари зарур.
Жорий йилнинг 24 март куни пойтахтимизнинг Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишмасидаги 21 километр масофада I халқаро Тошкент ярим марафони ўтказилади.
Мусобақа Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси, Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Марафон Наврўз байрами тантаналари давом этаётган кунлари ўтказилиши муносабати билан мусобақа халқ сайилларига уланиб кетади.
“Баҳорнинг илк кунларидан бошлаб пойтахтимизнинг ҳар бир нуқтасида турли тадбирларни ўтказишни режалаштиряпмиз. Жумладан, “Lola sayli”, “Sumalak va halim sayli”, “Daraxt ek” ва “Doʻppi kiyamiz” акциялари ўтказилади. I Халқаро Тошкент ярим марафони иштирокчиларини халқ сайиллари ва ўзбек йигитларининг миллий бош кийими бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз. Бундан ташқари, “Varraklar sayli” ўтказилиб, унда чиллак, ланка тепиш каби миллий ўйинлар ташкил этилади. “Daraxt ek” акциясига ҳам яқин кунларда старт берилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги турли кўчатларни харид қилмоқда. Ушбу кўчатлар юртдошларимиз ҳамда хориждан келган меҳмонлар экиши учун бепул берилади. Бу акция орқали Тошкент шаҳрида 100 минглаб кўчат экишни режалаштиряпмиз”, дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Элбек Шукуров.
Таъкидланишича, хориждан келган спортчилар Тошкент шаҳрининг ўзида бутун Ўзбекистоннинг урф-одат, анъаналарини кўриш билан бирга турли таомларини татиб кўриш имконига ҳам эга бўлишади. Марафон бўлиб ўтадиган кўчада ҳар бир вилоят вакиллари ўз урф-одатини, кийимларини намойиш қилиб, таомларини тортиқ этишади. Марафон иштирокчилари лапар, Хоразм лазгиси, чанқовуз оҳангларидан баҳраманд бўлади.
“Бу марафон халқаро дўстона спорт турларини ва туризмни ривожлантириш мақсадида ташкил этилмоқда. Мусобақага яқин ва узоқ хориж мамлакатларидан келган спортчилар ва сайёҳларни жалб қилиб, уларга Тошкентнинг замонавий инфратузилмасини кўрсатиш орқали пойтахтда бошқа оммавий спорт тадбирлари ўтказилишига эришмоқчимиз. Мусобақада эркаклар ва аёллар орасида 18 ёш ва ундан катталар қатнашиш ҳуқуқига эга. Ярим марафонда ва 5 километрга югуриш давомида барча спортчилар қайси мамлакатдан келганлигидан қатъий назар иштирок этишлари мумкин. 5 километрга югуришда қатнашувчиларнинг ёш чегараси 15 ёшдан катта бўлган аёллар ва эркаклар, шунингдек, 46-55, 56-65, 66 ва ундан катта фахрийлар орасида ўтказилади”, дейди Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси бош котиби Комолиддин Рузамуҳамедов.
Мутахассиснинг маълум қилишича, 5 километр масофага Ўзбекистон футбол клублари, Миллий спорт федерациялари спортчилари, вазирлик ва идораларнинг жамоалари қатнашиши мумкин. Бундан ташқари 1 километр масофага югуриш ҳам амалга оширилиб, унда имконияти чекланганлар иштирок этишлари кутилмоқда.
Ярим марафоннинг ва 5 километр масофага югуришда иштирок этмоқчи бўлганлар аризаси tihm.uz веб-сайти орқали ёки ташкилий қўмитанинг офисида 2019 йил 15 мартгача қабул қилинади. Ҳар бир иштирокчи рўйхатдан ўтиш учун ташкилий қўмита ҳисобига 50 минг сўм маблағ ўтказишлари зарур. Рўйхатдан ўтгандан сўнг иштирокчи мусобақа пакетига эга бўлади. Иштирокчи пакетида 2 дона кўкрак рақами, мусобақа эмблемаси туширилган махсус футболка, кепка, буклет ҳамда масофа трассаси юзасидан маълумот бўлади.
Мусобақа давомида замонавий чиплар билан вақтни автоматлаштирилган тарзда кўрсатувчи транспондер тизими ишлатилади. Иштирокчиларнинг натижалари ярим марафонда ва 5 километр масофага қайд этилади.
Ярим марафонда иштирок этган эркак ва аёллар алоҳида 1 ўриндан 8 ўрингача 12 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача пул мукофоти, диплом ва медаллар билан тақдирланади. 5 километр масофага югурувчиларнинг ҳар бири ўз тоифаларида эркаклар ва аёллар алоҳида 1 ўриндан 6 ўрингача қимматбаҳо совринлар, диплом ва медаллар топширилади.
Хуршид Қодиров, ЎзА
Манба: ЎзА