Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакиллари МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этади
Беларусь Республикаси пойтахти Минск шаҳрида МДҲга аъзо давлатларнинг Мудофаа вазирлари кенгаши қошидаги Спорт қўмитанинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон томонидан Қуролли Кучлар Бош штаби жисмоний тайёргарлик ва спорт бўлими бошлиғи подполковник Азиз Ҳайдаров ҳамда Мудофаа вазирлиги Спорт клуби бошлиғи подполковник Мансур Мамадаминов иштирок этди.
Мазкур йиғилишда МДҲга аъзо давлатлар Раҳбарлари кенгаши томонидан 2018 йил 28 сентябрда имзоланган «1941—1945 йилларда Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги қарорида белгиланган масалалар ижросига қаратилди. Жорий йилнинг июнь-июль ойларида Қозоғистон Республикасида МДҲга аъзо мамлакатларнинг олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ўртасида биринчи маротаба Ҳарбий-спорт ўйинларининг ўтказилиши муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида 2020 йилда МДҲга аъзо давлатлар дўстона армиялари ўртасида III Ҳарбий-спорт ўйинларини ташкил этиш кўриб чиқилди. 25 май – 3 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган ўйинлар 6 та йўналиш бўйича ташкил этилади.
Халқаро армия ўйинларидан кейинги ўринда келаётган ва МДҲга аъзо-давлатларда тобора оммалашиб бораётган Ҳамдўстликка аъзо давлатлар Дўстона армияларининг спартакиадаси бу йил ҳам муросасиз бўлиши кўзда тутилган.
Хусусан, ўтган йилда Тошкентда ўтказилган “Армия қўл жанги” бўйича халқаро мусобақада ҳарбийларимиз умумжамоа ҳисобида ғалаба қозонган эди. Бу йилда мазкур мусобақаларга Қозоғистон мезбонлик қилади.
Спартакиада доирасида ўтказиладиган командирлик стартлари ва ҳарбий кўпкураш мусобақалари шу йилнинг июль ойида Беларусда бўлиб ўтади. (Ўтган йилда Россияда ўтказилган командирлик стартлари мусобақасида мамлакатимиз вакиллари 2-ўринни эгаллаган эди).
Янгилик сифатида спартакиаданинг “ПМ-3 ва АК-3 машқларида штатдаги ёки штатга илова қилинган жадвалдаги қуроллардан отиш” мусобақаларига Ўзбекистон мезбонлик қилади. Шунингдек, Спартакиаданинг “Тоғ учкураши” баҳслари сентябрь ойида Россия ҳудудида бўлиб ўтади (ўтган йилда ўзбекистонлик ҳарбийлар бу йўналишда иккинчи ўринни эгаллаб қайтган).
Таъкидлаб ўтамиз, мазкур мусобақаларнинг барчасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакиллари иштирок этиши кўзда тутилган.
Йиғилиш давомида Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг қуролли кучлари ўртасида жисмоний тайёргарлик ва спорт соҳасида ҳамкорликнинг “Истиқболли режа” лойиҳасини тайёрлашга ҳам келишиб олинди. 2019 йилнинг якунлари бўйича навбатдаги йиғилиш Қозоғистонда ўтказилади.
Манба: ЎзА