Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманганда ёш ихтирочилар ўртасида инновацион фестиваль-танлов ўтказилди
2019-03-01 | Инновация
Наманган шаҳрида бўлажак ихтирочилар ўртасида “Келажак сари инновацион технологиялар билан!” фестиваль-танлов ўтказилди.
Фестиваль-танлов Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилди ва унда вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари ўқувчилари “Баркамол авлод” болалар марказларида автомодель, авиа-ракета модель, робототехника, кемасозлик, информатика ва компьютер технологиялари каби ўндан зиёд йўналишлардаги тўгаракларда таҳсил олаётган ёшлар иштирок этдилар.
Танловнинг дастлабки саралаш босқичларида Наманган шаҳри ва вилоятининг барча туманларидан 500 нафардан зиёд ўқувчилар иштирок этган бўлса, финалда эса улар орасидан саралаш босқичида муваффақиятли ўтган 182 нафар ўқувчилар техник ишланмалар, яъни автомодель, авиа-ракета модель, кемасозлик ва робототехника ҳамда информатика ва компьютер технологиялари йўналиши бўйича ғолиблик учун баҳслашди.
Танлов доирасида “Ақлли товуқхона”, “Кўркам шаҳарча”, “Озода ҳудуд”, “Саёҳатчи микроавтобус”, шунингдек, бир неча ўнлаб авто, авиа-ракета моделлар, информатика ва компьютер технологиялари бўйича турли дастурлар ҳамда веб-сайтларни намойиш этдилар.
Мазкур тадбирда ўқитувчилар ҳам маркетинг, илмий-техник ишланмалар, ахборот коммуникация технологиялари йўналишларидаги изланишлари маҳсули бўлган ишланмалари ва лойиҳалари билан қатнашди.
Ўқитувчилар фестиваль танлов доирасида дарс жараёнида ўқувчилар фаоллигини ахборот коммуникацион технологиялар орқали ошириш, инновацион баҳолаш услублари сифатида “Пликерс” (“Plickers”) дастурини кенг қўллаш, мультимедиа воситаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширилишига қаратилган лойиҳаларини тақдим этди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов танлов доирасида тақдим этилган лойиҳалар билан яқиндан танишди ҳамда ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ишланмаларига юқори баҳо берди.
Тадбир якунида Шерзод Шерматов ғолиб ва совриндорларга диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги