Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Баёнот

2019-03-01 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг энг муҳим йўналишларидан бири хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимизни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. 2018 йил меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлайдиган махсус Фонд яратилди, Россия Федерацияси ҳудудида қийин аҳволда ёки ҳужжатларсиз қолган 700 нафар фуқаро қайтарилди, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва (Россия Федерацияси) ҳамда Кванджу (Жанубий Корея)да ваколатхоналари очилди.

22 февраль Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Жанубий Кореядаги вакили Алишер Сулаймонов Кванджуга жўнаб кетди. 26 февраль куни ОАВда 8 ой мобайнида Сеул шаҳри Новонгу туманидаги “Сангги Пик Пионвон” шифохонасида бўлиб келаётган, 1996 йилда туғилган А.Оқилов тўғрисида хабарлар тарқалди. 2019 йил 27 февралда А.Сулаймонов шифохонада бўлиб, беморни йўқлади ва жабрланувчининг акаси Азиз Оқилов билан учрашди.     

Қуйидагилар аниқланди:

А.Оқилов 2018 йил 27 июнда ўзи ишлаган пластик қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган цех директори билан соғлиғидан шикоят қилиб шифохонага келган. Шифокорлар биринчи ёрдамни кўрсатишган, укол уришган ва шундан сўнг А.Оқилов номаълум сабабга кўра комага тушиб қолган. Шифокорлар организмга кескин калий етишмаслиги, шунинг оқибатида асаб тизими, шунингдек, миянинг бир қисми ишдан чиққанлиги ташхисини қўйишган. Айни пайтда А.Оқиловнинг ҳолати оғир, аммо барқарор.

Узоқ давом этган ҳаракатсиз ётиш оқибатида тананинг турли қисмларида уюшиқ жонсиз жойлар пайдо бўлган ва бу ириш жараёни бошланишига олиб келган. Шифокорлар танадаги шундай жойларни йўқотиш бўйича 4 та операция ўтказган.

Жабрланувчининг акаси Азиз Оқилов керакли маълумотларни тўплаш ва ҳужжатларни тегишли органларга топшириш учун адвокат ёллаган. 31.12.2018 ҳолатига кўра шифохона 103144 корея вони (тахминан 93 000 АҚШ доллари) миқдорида ҳисоб чиқарган. Бироқ ҳалигача ҳеч ким айбни зиммасига олгани йўқ ва суғурта компаниясининг махсус Инспекцияси томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда, чунки вазиятга ойдинлик киритилгунгача суғурта компанияси кафил бўлиб турибди. Инспекция хулосаси тақдим этилгач, иш судга оширилади ва якуний қарор суд томонидан чиқарилади.

Жабрланувчининг акаси Азиз Оқилов қуйидаги масалаларда ёрдам беришни сўради:

1. Юз берган ҳодисада айбдорни (шифохона ёки иш берувчи) аниқлашга кўмаклашиш.

2. Бандлик рухсатномаси тизими бўйича Кореяга ишчи кучини юбориш Меморандуми нусхасини олиш.

3. А.Оқиловнинг онаси ва опаси учун 3 ойга виза олиш.  

Мазкур ҳолат юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси томонидан қуйидаги чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди:

1. Ушбу масалага оид текширув ишларида ёрдам кўрсатиш мурожаати билан 2019 йил 5 февралда Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлигига юборилган 01/0-02/11-868-сонли хатга жавоб олиш.

2. Барча масалалар ҳал бўлгунга қадар бемор А.Оқиловнинг ҳолидан мунтазам хабар олиб туриш.

3. Беморнинг онаси ва опаси учун Кореяга кириш визасини олишда ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистондаги Корея Республикаси элчихонасига хат ёзиш.    

4. Иш берувчидан бадал пули, шунингдек, А.Оқилов иш ҳақининг тўланмай қолган қисмини олиш масаласини ҳал этиш.

5. А.Оқиловнинг адвокати билан учрашиб, масалани муҳокама қилиш, масалани ҳал этишда ҳар қандай ёрдам кўрсатиш.

6. Суғурта компанияси вакиллари билан учрашиб, даволаниш учун сарфланган харажатларни (бугунги кун ҳолати бўйича даволаниш харажати 93 000 АҚШ долларни ташкил этмоқда) қоплаш масаласини муҳокама қилиш.

7. Суғурта компаниясининг текширув натижаларини олиш.

8. Фуқарони ватанига транспортировка қилиш учун тиббиёт муассасаси рухсатини олиш (бугунги кунда бемор ҳаётни сунъий сақлаб туриш қурилмаси остида бўлгани сабаб, уни транспортировка қилиб бўлмайди).

9. Фуқаро А.Оқиловнинг ватанига махсус транспортировкасини таъминлаш.

10. А.Оқиловнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида даволанишини таъминлашда ёрдам кўрсатиш.

Вазиятни шахсан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиев назорат қилиб турибди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Поделиться