28 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Буюк Британия савдо-саноат кенгашининг 24-мажлиси ўтказилмоқда.
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида ўтказилаётган мажлисда Ўзбекистон ҳукумати, ишбилармон доира вакиллари ва Буюк Британия бош вазирининг савдо масалалари бўйича махсус вакили баронесса Эмма Николсон бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Делегация таркибида Буюк Британия ишбилармон доиралари, хусусан 55 та компаниянинг 100 дан зиёд вакиллари ўрин олган.
Мажлисда Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Мажлиснинг очилишида Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Элёр Ғаниев сўнгги икки йилда мамлакатимизда инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, эркин бозор иқтисодиётига ўтиш борасида олиб борилаётган ишлар мазмунига тўхталди.
– Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар ортга қайтмайди, изчил давом этади, – деди Э.Ғаниев. –Биз эркин бозор иқтисодиётини қатъий қўллаб-қувватлаймиз, мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини кафолатлаймиз.
Ўзбекистон-Буюк Британия савдо-саноат кенгашининг 24-мажлиси доирасида мамлакатимизда Президент мактабларини ташкил этишда ўзаро ҳамкорлик, ўзбекистонлик ёшлар учун Бирлашган Қиролликнинг халқаро стандартларга мос келувчи университетини ташкил этиш, Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш мажмуаси, кўп тармоқли “London Clinic” шифохонасини бунёд этиш бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Мажлиснинг ялпи сессиялари ўзаро инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги имкониятлари, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари, Ўзбекистонда лойиҳаларни молиялаштириш масалаларига бағишланди.
Куннинг иккинчи ярмида икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари ўртасида “G2G”, “G2B”, “B2B” форматда учрашувлар ўтказилади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон-Буюк Британия савдо-саноат кенгаши икки томонлама келишувга кўра 1994 йилда ташкил этилган. Кенгаш икки мамлакат ўртасида савдони ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
Манба: ЎзА