Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Солиқ соҳасидаги ўзгаришлар халқаро экспертлар иштирокида муҳокама этилди
2019-02-27 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда халқаро экспертлар иштирокида солиқ соҳасидаги ислоҳотларнинг дастлабки натижалари муҳокама қилинди.
Учрашувда халқаро экспертлар иштирок этди:
Раджул Авасти – Жаҳон банкининг давлат сектори масалалари бўйича таниқли эксперти, катта маслаҳатчи;
Рауль Феликс Жанкер-Варела – Жаҳон банкининг давлат сектори масалалари бўйича етакчи мутахассиси;
Шунингдек, халқаро консултант Шаталов Сергей Дмитриевич;
Мусаев Беҳзод Анварович – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси;
Мирзаев Мубин Муҳитдинович – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари;
Султанов Дилшод Шуҳратович – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари.
Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларининг дастлабки натижалари сарҳисоб қилинди.
Солиқ қўмитаси ташаббуси билан Молия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда 50 дан ортиқ тадбиркорлар – йирик солиқ тўловчилар иштирок этди ва улар томонидан йўлланган 100 дан ортиқ саволларга жавоблар берилди.
Қайд этилганидек, 2018 йилда қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони 7 мингга яқин бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 35 мингтага етиб, 5,2 бараварга ошган.
Худди шундай, сув солиғи тўловчилари сони 3,4 мингтадан 49,3 мингтага ёки 14,3 бараварга ортди.
Мол-мулк солиғи тўловчилари сони 9,3 мингтадан 63 мингтага ёки 6,8 бараварга ҳамда ер солиғи тўловчилари сони 12,9 мингтадан 72,8 мингтага ёки 5,6 бараварга ўсди.
Халқаро экспертлар тадбиркорлик субъектларига тенг рақобат шароитини яратиш учун иқтисодиётда яширин савдо айланмаларини аниқлаш, бизнеснинг бўлинишига қарши курашиш ва келгусида олдини олиш юзасидан жаҳон тажрибасида синовдан ўтган механизмлар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда тавсияларини билдирди.
Жумладан, Раджул Авасти кўплаб мамлакатларда иқтисодий ва солиқ ислоҳотларида иштирок этган мутахассис сифатида бу борадаги тажрибаси билан ўртоқлашди ва Ўзбекистондаги солиқ ислоҳотларининг дастлабки натижаларига ижобий баҳо берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси