Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

PISA халқаро баҳолаш тадқиқотларига тайёргарлик семинари иштирокчиларга нима берди?

2019-02-26 | Таълим

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари, Республика таълим маркази ҳамда Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази мутахассисларидан иборат 20 кишилик гуруҳ таълим сифатини баҳолаш юзасидан PISA, PIRLS, TIMSS, TALIS ва бошқа халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича Россия тажрибасини ўрганиш мақсадида Москва шаҳрида семинар-тренингда қатнашиб келди. Семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар берилди.

Жаҳон банки ва Россия тренинг маркази билан ҳамкорликда “Таълим сифатини баҳолаш тизимида халқаро солиштирма тадқиқотлар - мактаб таълимини такомиллаштириш механизми сифатида” мавзусида семинар-тренинглар жорий йил 18-22 февраль кунлари Москва шаҳрида ўтказилган бўлиб, унда таълим сифатини баҳолаш ва халқаро тадқиқотлар соҳасидаги етук мутахассислар ҳамда халқаро экспертлар томонидан маъруза, давра суҳбатлари ташкил этилди.
 
Хўш, мазкур семинарнинг иштирокчиларга фойдали томони нимада? Семинар давомида қандай мавзулар ўртага ташланди? Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси қошидаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази раҳбари А.Исмоиловнинг айтишича, семинарда глобал ўзгаришлар даврида турли даражадаги таълим сифатини баҳолаш тизимининг ривожланиш тенденциялари, таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро солиштирма тадқиқотларда Россиянинг иштироки, таълим тизимининг салоҳиятини ошириш имкониятлари, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро солиштирма тадқиқотлар натижаларининг комплекс таҳлиллари, ўқувчиларнинг ўқиш, табиий фанлар, математик ва ижодий фикрлаш саводхонлигини баҳолаш, халқаро тадқиқотлар методологияси ва баҳолаш мезонларидан миллий ўқув-услубий ва ўлчов материалларини яратишда фойдаланиш, Россия Федерациясида таълим сифатини баҳолашнинг стратегик йўналишлари ва бошқа қизиқарли ҳамда долзарб мавзулар бўйича мазмунли маъруза ва машғулотлар олиб борилган. Шуни таъкидлаш лозимки, таълим сифатини баҳолаш бўйича PISA ҳамда PIRLS халқаро тадқиқотларида Ўзбекистон таълим тизими илк бор иштирок этаётганлиги сабабли, ўқитувчилар ва ўқувчилар орасида мазкур тадқиқотнинг мазмун-моҳияти, назорат-синов инструментлари ҳақида турлича тушунчалар ва тасаввурлар мавжуд. Ўз навбатида мазкур тасаввурларнинг қанчалик тўғри ҳосил бўлиши 2021 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган тадқиқотларга самарали тайёргарлик кўришда муҳим омил ҳисобланади.
 
Семинарларнинг ўзига хос хусусиятлари шундан иборат бўлдики, унда иштирокчилар PISA, PIRLS тадқиқотларининг инструментлари билан танишиш ҳамда уларни амалда қўллаб кўриш имкониятига эга бўлди. Иштирокчиларга PISA ҳамда PIRLS тадқиқотларининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумот бериш билан бирга, компьютер ва қоғозга асосланган жараёнларда синов инструментларини амалиётда синаб кўрилгани, иштирокчиларнинг компьютерда ўтказиладиган тадқиқотлар жараёнлари ҳақидаги тушунчаларини ривожланишига хизмат қилди. Бу эса ўз навбатида мазкур тадқиқотларни амалга оширишда ўқувчиларнинг ўрнига ўзини қўйиб кўриш, шу билан бирга келгусида тадқиқотларга муваффақиятли тайёргарлик кўришда алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида кенгроқ тасаввурларга эга бўлишда муҳим аҳамият касб этди.
 
Семинар давомида, халқаро эксперт ва мутахассислар томонидан, мактаблар рейтингини ўрганишда уларнинг ихтисослашуви, жойлашуви каби омилларни ҳисобга олган тоифаларга ажратишга эътибор қаратилиши, таълим сифати нафақат ўқитувчи-ўқувчи муносабатларига, балки атроф-муҳит ва шарт-шароитга ҳам боғлиқлиги, ўқитувчи иш режасини шакллантиришда ўқувчиларда мазкур мавзуларни ҳаётга татбиқ эта олиш кўникмаларини ривожлантирувчи мақсадларни белгилаб олиши лозимлиги, ўқитувчиларнинг психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва мотивациялаш, халқаро тадқиқотлар натижаларига паст кўрсаткичли мактабларни жазолаш мақсадида эмас, аксинча кейинчалик таълим тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишга ёрдам берадиган таҳлилий маълумотлар олинишида кўмакчи сифатида қаралиши, ўқувчиларга айнан PISA синовларига ва муайян дастурда яхши натижа кўрсатишга эмас, балки, уларни мактабдан кейинги ҳаётга тайёрланаётганини тушунтиришга эътибор қаратиш, ўқитувчилик фаолиятига аниқ мезонлар асосида танлаб олиш, мактаб директорлари ва ўқитувчиларини вақти-вақти билан ротация қилиш орқали таълим сифатини оширишга эришиш, халқаро тадқиқотларга тайёргарлик жараёнида таълим тизимининг кучсиз томонларига эътибор қаратиб, кучли томонларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик ҳамда уни қадрлаши лозимлиги ҳамда бошқа фикрлар билдирилди.
 
Таълим ютуқларини баҳолашдаги концептуал ёндашув, ўлчов мезонларини ўзига хос томонлари ва хусусиятлари, контекст маълумотларини йиғишдаги ўзига хос хусусиятларни ўрганиш тўғрисида маълумотлар берилиб, таълим хусусиятларини баҳолашда ўзгаришлар тенденциясини ҳисобга олиш, яъни билим, кўникма ва малакани баҳолашдан саводхонлик ва компетенцияни баҳолашга ўтиш, баҳолаш ва унинг мезонларини концептуал чегараларини ўзгартириш, маъноли матнга эга ҳамда структурали топшириқлар миқдорини ошириш, электрон ва интерфаол топшириқлар асосида технологияни ўзгартириш, таълимдаги устуворликни ўзгартириб бориш, функционал саводхонликни ривожлантиришга ўтиш каби қарашлар ҳам маърузачилар томонидан билдирилди.
 
Россия миллий таълим тизимини ривожлантириш, Россия таълимининг халқаро рақобатбардошлигини оширишга қаратилган лойиҳалари, жумладан “Замонавий мактаб” лойиҳаси ҳақида маълумотлар берилди. Мазкур лойиҳа умумий ўрта таълим тизимида турли таълим технологиялари, ўқитиш ва таълим тарбиянинг янги методларини жорий қилиш, ўқувчиларнинг ўқишга бўлган қизиқиши ва мотивациясини оширишга қаратилган. Ушбу лойиҳада Россия Федерациясининг барча ҳудудлари иштирок этаётган бўлиб, янги лойиҳа асосида мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ ҳудудларида ижтимоий инфраструктурани ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга таълим стандартларини янгилаш кўзда тутилган. Таълим стандартларини такомиллаштиришда халқаро илғор тажрибалар, жумладан замонавий тадқиқотлар талабларига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланганлиги таъкидлаб ўтилди.
 
Ўрганилган халқаро тажрибалар асосида Ўзбекистон ҳудудларида семинар, давра суҳбатлари ўтказилиши асосида тарғибот-ташвиқотлар олиб борилиши, мактаблар жамоаларига халқаро тадқиқотларга тайёргарлик бўйича атрофлича маълумотлар берилиши режалаштирилган.
 
Жаҳон банкининг READ дастури билан ҳамкорликда халқаро тадқиқотлар доирасидаги йўналишлар бўйича Россиялик экспертлар гуруҳи жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистонга ташриф буюриши, унда бевосита умумий ўрта таълим тизимида фаолият юритаётган педагог кадрларнинг малакасини ошириш, ўқув ҳамда назорат синов материаллари ишлаб чиқувчи ижодий гуруҳлар учун ўқув курслари ташкил этилиши, методик ёрдам кўрсатиш, маслаҳатлар бериш орқали уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Поделиться