Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва АҚШ: амалий мулоқот давом этмоқда
2019-02-26 | Сиёсат
2019 йил 25 февраль куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг АҚШнинг демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Майкл Келлехер билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда демократияни янада ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Таъкидланганидек, АҚШ мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга, мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва мазкур йўналишда икки томонлама мулоқотни фаоллаштиришдан манфаатдор.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилар экан, Президент ваколатларининг бир қисмини парламентга ўтказиш, жумладан, ҳукумат аъзоларини тасдиқлаш, шунингдек ижро этувчи органлар фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича ислоҳотлар жамиятни янада демократлаштириш ва модернизациялаш жараёнларини чуқурлаштиришга кўмаклашиши таъкидланди.
Қайд этилганидек, АҚШ Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати йўналишларини қўллаб-қувватлайди ҳамда 2018 йил май ойида Ўзбекистон-Америка саммитида эришилган келишувлар асосида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятидадир. АҚШ Конгрессидаги “Ўзбекистон бўйича Кокус” парламентлараро ҳамкорликни кўп жиҳатдан мустаҳкамлашга кўмаклашиши таъкидланди.
Майкл Келлехер мамлакатни барқарор ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш учун Ўзбекистон Раҳбарияти томонидан қабул қилинган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир чора-тадбирлар аҳамиятига алоҳида урғу берди. Шунингдек, у болалар меҳнатига барҳам беришда кузатилаётган ютуқларга ва мамлакат ҳукумати томонидан Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича кўрилган чора-тадбирларнинг ижобий натижаларига юқори баҳо берди.
Томонлар демократияни янада мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича икки томонлама амалий мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати