Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хитой ва Тайван компаниялари Наманган инвестиция киритади
2019-02-25 | Иқтисодиёт
Наманган вилояти ҳокимлигида Хитойнинг “Zhongye Wanda” компанияси раҳбари Фенжу Жианг ва Тайваннинг “Kai Shing Trading Co Ltd” компанияси раҳбари Тен Сюекай билан учрашув бўлиб ўтди.
Инвесторларга Малайзия халқаро савдо ассоциацияси (SMITA) катта маслаҳатчиси Томас Су ҳамкорлик қилди.
Хорижлик ишбилармонлар Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва вилоят мутасадди ташкилотлари раҳбарларига ўз инвест лойиҳаларини тақдим этишди.
“Zhongye Wanda” компанияси Наманган шаҳрида меҳмонхона комплекси, бизнес-апартаментлар, 20 қаватли офис биносини ўз ичига олган ақлли экошаҳар қуриш лойиҳасини намойиш этди. Умумий қиймати 70 млн доллар бўлган бу лойиҳа 20 гектар майдонда барпо этилиши кўзда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш муддати 3 йил экани қайд этилди.
Тайваннинг “Kai Shing Trading Co Ltd” компанияси катта майдонда наслли товуқ боқиш, унинг гўштини қайта ишлаш ва товуқ эссенцияси ишлаб чиқаришни ўз ичига олган паррандачилик кластери лойиҳасини тақдим этди. 40 млн доллар билан 4 йил давомида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа якунида йилига 20 млн бош товуқ етиштириб, унинг гўштини қайта ишлаш кўзда тутилган.
Ҳар икки лойиҳа вилоят ҳокимлиги томонидан ижобий қабул қилинди ва қурилиш учун эр майдонлари кўрсатилди. Яқин кунларда ҳар икки компания билан инвестицион шартнома имзолашга келишиб олинди.
Манба: Наманган вилояти ҳокимлиги