Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги оширилади
2019-02-25 | Иқтисодиёт
Мамлакатимизда фаолият кўрсатмаётган ва фойдаланилмасдан турган объектлар мулкдорлари, барча даражадаги раҳбарларнинг мазкур объектлардан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши бўйича масъулиятини кучайтириш, шунингдек, корхоналарни фаол хўжалик фаолиятига жалб этиш ҳамда шу асосда янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу йўлда Президентимизнинг 2018 йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Мазкур қарорга 2018 йилнинг 18 декабрида ўзгартириш киритилиб, унга асосан юридик ва жисмоний шахсларга – мол-мулк ва ер солиқларини икки карра миқдорда тўлаш, 6 ой ўтгандан сўнг – беш карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик – ўрнатилган ставкага нисбатан ўн карра миқдорда тўлашга ўтказиш белгиланди.
Қарорга мувофиқ, таъсирчан солиқ механизмини қўллашда юридик шахслар – соддалаштирилган солиққа тортиш тартибидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтдилар. Шунингдек, қонунчиликка кўра тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва преференцияларининг амал қилиши тўхтатилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, фойдаланилмаётган объектларнинг мулкдорлари – солиқ тўловчилар томонидан тегишли шаклдаги солиқ ҳисоб-китоблари тақдим этилмаган тақдирда давлат солиқ органларига мол-мулк ва ер солиқларини оширилган ставкалар бўйича ҳисоблаш ва ҳисобланган суммаларни уларнинг шахсий карточкаларига киритиш ҳуқуқи берилди.
Инвентаризациядан ўтказиш пайтида бинолар ва нотураржой хоналари умумий майдонининг 50 фоиздан кўпроғи (бир бино ёки нотураржой хонаси контури доирасида) товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш)да фойдаланилмай келинган бўлса, бўш турган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари сифатида эътироф этилади.
Хуллас, инвентарлашдан сўнг Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органи объектдан самарали фойдаланиш бўйича таклифларни тақдим этиш ҳақида мулкдорга сўровнома юборади. Мулкдор 2 ойлик муддатда “йўл харитаси” кўринишида жавоб бериши керак ва унда ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш объектини барпо этиш, объектни аниқ ижарачиларга тақдим этиш, муайян инвесторлар (шериклар)ни жалб этиш ва ҳ.к. назарда тутилиши мумкин. Фойдаланилмаётган объект фаолиятини тиклашнинг аниқ муддатлари ва молиялаштириш манбаларини кўрсатиш талаб этилади.
“Йўл харитаси” тақдим этилмаган тақдирда идоралараро комиссия юқорида кўрсатилган таъсир чораларини қўллаш ҳақида хулоса чиқаради. Мулкдор хулоса билан танишганидан кейинги ойдан бошлаб, унга нисбатан юқорида кўрсатилган таъсирчан солиқ чоралари қўлланилади.
Тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни бериш вазифаси юкланган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг айбига кўра инвестиция лойиҳасини амалга ошира олмаган мулкдорларга нисбатан таъсир чоралари қўлланилмайди.
“Йўл харитаси”ни тақдим этган ва амалга оширишни бошлаганлар мулкдорлардан идоралараро комиссиянинг мулкдор томонидан “йўл харитаси” тақдим қилинган, шунингдек, унинг амалга оширилиши ҳақидаги хулосаси санасидан кейинги календарь чорагидан бошлаб санкциялар олиб ташланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси