Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновация вазирлиги амалий илмий-техник лойиҳалар ва инновацион ишланмаларни молиялаштиришни бошлади
2019-02-25 | Фан
2019 йил 22 февраль куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажарилиши 2019–2021 йилларга мўлжалланган амалий илмий-техник лойиҳалар, инновацион ишланмалар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳа раҳбарларига сертификатларни тантанали топширди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2019—2021 йиллардаги Инновацион ривожлантириш стратегиясига кўра илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфланадиган давлат харажатларини кўпайтиришни назарда тутилган. Бу харажатлар ўз навбатида юртимиз тараққиётига нафи тегадиган, аҳоли фаровонлигига ва халқимиз турмуш тарзини яхшилашга хизмат қиладиган маҳсулотлар, технологиялар кўринишида давлатга фойда олиб келиши лозим. Ўз навбатида, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштиришдан келадиган фойда олимларнинг ҳам молиявий аҳволига ижодий таъсир кўрсатиб, келгусида уларнинг илмий изланишлар билан янада чуқур шуғулланишларига замин яратиши керак.
Инновацион ривожланиш вазирлиги амалий илмий-техник лойиҳалар, инновацион ишланмалар ҳамда долзарб тематик тадқиқотлар танловларини эълон қилгач, ҳар бир йўналиш бўйича танловга келиб тушган лойиҳалар вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар томонидан экспертизадан ўтказилмоқда. Топширилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги, натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган вазифаларга мослиги, ижрочиларнинг илмий-техник салоҳияти, ижрочи ташкилотда моддий-техник база мавжудлиги ва бошқа мезонлар ўрганилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.
Илмий-техник кенгашлар хулосалари асосида молиялаштиришга тавсия этилган илмий-техник лойиҳалари 2019 йил 16 февралдаги вазирлик Ҳайъатида кўриб чиқилиб, молиялаштириш бўйича қарор қабул қилинди. Унга кўра фармакология, металлургия, қишлоқ хўжалиги, кимё, техника йўналишларидаги аниқ мақсадга йўналтирилган 6 та лойиҳа молиялаштирилди.
Мазкур 6 та тадқиқот ишлари молиялаштиришга лойиқ деб топилган илк лойиҳалардир. Эндиликда вазирлик мунтазам равишда молиялаштириладиган лойиҳаларни расмий веб-сайтида эълон қилиб боради.
2019 йилда молиялаштириладиган Давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажарилиши 2019-2020 ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган амалий лойиҳалар рўйхати
№ |
Лойиҳа мавзуси |
Ижрочи ташкилот |
Лойиҳа раҳбари |
1 |
«Биокор-0,2г таблеткаларининг онкологик касалликларда комплекс терапия мақсадида ишлатиш учун якунловчи клиник текширишларни ўтказиш» |
О.С. Содиқов номидаги Биорганик кимё институти |
Иброҳимов Фозил Ахмедович, б.ф.д. |
2 |
Мис ишлаб чиқариш чиқиндиларидан никелни ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш ва ўзлаштириш |
Ислом Каримов номидаги ТДТУ Олмалиқ филиали |
Холиқулов Дониёр Бахтиёрович, т.ф.н., доц., |
3 |
«Олмалиқ КМК АЖ ишлаб чиқариш шароитларида рангли ва нодир металл рудаларини флотация жараёнида қўллаш учун маҳаллий ва иккиламчи хом ашёлардан импорт ўрнини босувчи кўпиклантирувчи-флотореагентларни олиш технологиясини ишлаб чиқиш» |
“KOMPOZIT NANOTEXNOLOGIYASI” МЧЖ илмий-технологик маркази ва “Фан ва тараққиёт” ДУК |
Негматова Комила Сайибжоновна, т.ф.д. |
Инновацион лойиҳалар
№ |
Лойиҳа мавзуси |
Ижрочи ташкилот |
Лойиҳа раҳбари |
|
1 |
Нурота туманининг тоғолди ҳудудларидаги самарасиз фойдаланилаётган лалми ерларида ёнғоқ мевали (писта, бодом) дарахт плантацияларини барпо этиш ва уларнинг юқори ҳосилдорлигини таъминлашнинг самарали технологияларини ишлаб чиқиш |
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти |
Чернова Галина Михайловна, к.с/х.н. |
|
2 |
Импорт ўрнини босувчи цеолит адсорбенти ва H2S оксидлаш конверсия жараёни ҳимоя қатлам адсорбентларини ишлаб чиқариш технологиясини яратиш |
Ўзбекистон кимё фармацевтика илмий тадқиқот институти |
Юнусов Мирахмад Пўлатович, т.ф.д., профессор |
|
3 |
Стационар ва мобиль объектларга ишлов бериш учун озон-генераторининг тажриба-ишлаб чиқариш намунасини яратиш |
ЎзРФА Конструкторлик бюроси ва тажрибавий ишлаб чиқариш илмий-техник маркази |
Симонов Александр Алексеевич, ф-м.ф.н., |
|
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги