Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ишонч телефони” бўйича чоп этилган мақола юзасидан Адлия вазирлигининг муносабати
2019-02-25 | Жамият
Адлия вазирлигида 2018 йилда жисмоний ва юридик шахслардан “ишонч телефони”га келиб тушаётган мурожаатларни марказлашган ҳолда қабул қилиш мақсадида 1008 қисқа рақамли “Call center” хизмати ташкил қилинди.
“Call center” кўп каналли бўлиб, у орқали ўзбек ва рус тилларида халқимизга хизмат кўрсатиб келинмоқда.
“Call center” ташкил этилгандан даврдан буён фуқаролардан ва чет эл фуқароларидан, инвесторлардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
“Call center”га тушаётган мурожаатлар ҳафтанинг душанба кунидан жума кунигача (байрам кунларидан ташқари) соат 09.00 дан 13.00 гача ва 14.00 дан 18.00 гача қабул қилинади.
Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг сайтида “Ишонч телефонлари номигагина ишлаётган вазирлик ва ҳокимликлар” сарлавҳали мақоласида (http://www.uza.uz/oz/society/ishonch-telefsdfgfdscvonlari-nomiga-ishlayetgan-vazirlik-va-okimlikla-22-02-2019) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 1008 қисқа рақамли “Ишонч телефони” фаолияти юзасидан эътирозлар билдирилди.
Жорий йилнинг 18 февраль куни Адлия вазирлигининг “Ишонч телефони”га жами 4.082 та мурожаат келиб тушган.
Мазкур мурожаатларнинг 3.264 таси белгиланган тартибда қабул қилиниб, “Call center”га бириктирилган масъул ходимлар томонидан реал вақт режимида тушунтиришлар берилган.
Агентлик мухбири томонидан (71) 233-36-30 рақами орқали Адлия вазирлигининг “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилинганда, ишонч телефонига масъул бўлган ходим томонидан бошқа фуқаронинг мурожаати қабул қилинаётганлиги ҳамда унга мурожаати юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилаётганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, вазирлик биносида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли фуқароларнинг “Ишонч телефони”га боғланишида узилишлар юзага келмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг масъул ходими вазирлик “Ишонч телефони”га боғланишда қийинчиликка дуч келган.
Ҳозирги кунда “Ишонч телефони“га фуқаролар томонидан бўлаётган мурожаатларнинг кескин ошаётгани муносабати билан Адлия вазирлиги томонидан барча қўнғироқларга жавоб бериш учун техник томонлама имкониятларни янада яхшилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги