Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда илк маротаба мактаб ўқувчилари учун БМТнинг симуляцион конференцияси ташкил этилмоқда
2019-02-25 | Жамият
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, ўқувчи-ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини олдини олишда “тенгдош-тенгдошга” тамойилини ривожлантириш, ёшлар билан ишлаш тизимига халқаро тажрибаларни татбиқ этиш мақсадида умумтаълим мактаб ўқувчилари учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг симуляцион “Ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш” мавзусида “Ёш делегат” конференцияси ташкил этилмоқда.
Конференция Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 10-12 май кунлари юртимиз умумтаълим мактабларида таҳсил олувчи юқори (8-11) синф ўқувчилар учун “GLOZ82 Ҳуқуқий маданиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган Доҳа Декларациясининг амалга оширилиши бўйича Глобал дастур” ҳомийлигида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси (UNODC ROCA), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилиши режалаштирилган.
Конференциянинг бош мақсади - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий учрашувлари андозасида анжуман ўтказиш. Конференция ўқувчиларни дипломатик соҳадаги ечимлар, қийинчиликлар ва энг яхши тажрибаларни ўрганишлари мақсадида бирлаштиради. Шунингдек, республиканинг интилувчан ва ижтимоий фаол ёшларини бир мақсад сари йўналтиради. Конференция республикамизнинг муайян ижтимоий-иқтисодий соҳадаги мавжуд муаммоларига ечимлар топиш, ҳукумат ишларида ёшлар ролини ошириш, уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш кабиларни ўз ичига олади. Конференция мамлакатимизнинг барча ўқувчи-ёшларига БМТ фаолияти ва уни иш юритиш тизимини таништириб, жамоат олдида нутқ сўзлаш, муаммоларни ечиш, дипломатик музокара олиб боришни ўргатади. Қолаверса, халқаро билим ва тажрибаларни бериш орқали уларни давлатимиз ривожига ҳисса қўшиш, келгусида халқаро ҳамжамият олдида юртимиз даражасини янада оширадиган кадр ҳамда ижтимоий масъулиятли фуқаролар бўлиб етишиш йўлида бирлаштиради.
Конференция Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳақиқий конференцияларини симуляция қилади ва унда иштирокчилар ўзлари дипломатлар каби БМТнинг расмий (асосан инглиз) тилларида фаолият олиб боради. Конференцияда асосан БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги мавзулар, жумладан, “Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш” мавзуси муҳокама қилинади.
Конференциядан бир ой аввал иштирокчи ўқувчи-ёшлар учун БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари масъул ходимлари, тажрибали мураббийлар томонидан маърузалар, симуляцион конференция қоидалари ва уларга тайёргарлик қилиш бўйича масофавий тренинг ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилади. Мазкур жараёнда иштирокчилар ихтиёрий равишда БМТга аъзо бўлган бирор бир давлатнинг делегати сифатида фаолият юритиши белгиланади. Ёш делегатлар ўзи учун белгиланган давлатни бир ой давомида ҳар томонлама мукаммал ўрганиши, “Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш” мавзусини “ўзининг давлати” тажрибаси асосида тадқиқ ва таҳлил қилиши ҳамда буни ёритишга тайёргарлик кўриши, бу бўйича мамлакат позиция хатини (яъни қўмитада муҳокама қилинадиган мавзулар бўйича мамлакат сиёсатини батафсил баён этувчи баённома) ёзиши лозим.
Конференцияда иштирок этиш учун юқори (8-11) синф бўлган, ўқувчи-ёшлар номзод иштирокчи анкетасини тўлдириб, 2019 йилнинг 10 мартига қадар Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларида тузиладиган танлов комиссиясига топширишлари керак.
Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари танлов комиссиялари ҳудудидан 2019 йилнинг 25 мартига қадар 10 нафар энг муносиб номзодларни анкета ва суҳбат асосида саралаб, Халқ таълими вазирлигидаги Республика танлов комиссиясига топширишлари керак бўлади.
Иштирокчилар қуйидаги мезонлар асосида 10 баллик шкалада баҳоланиб сараланади:
- тилларни билиш даражаси (инглиз тилни мулоқот даражасида билиши шарт);
- БМТ ҳақидаги тушунчаларга эга бўлиш ва глобал фикрлаши;
- анкетадаги саволларга берган аниқ, асосли ва теран жавоблари;
- эришган ютуқлари ва интилувчанлиги;
- замонавий лидерлик ва коммуникатив кўникмалари;
2019 йилнинг 30 мартига қадар Халқ таълими вазирлигидаги Республика танлов комиссияси ҳар бир ҳудуддан 5 нафардан жами 70 нафар энг муносиб номзодларни анкета ва суҳбат асосида саралаб конференция иштирокчилари номини эълон қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги