Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

2019 йил Давлат дастури ижроси масалалари халқ депутатлари вилоят Кенгашларида муҳокама қилинмоқда

2019-02-22 | Сиёсат

2019 йилнинг 19-20 февраль кунлари 2019 йилдаги Давлат дастурида белгиланган Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича Комиссия ҳамда Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан бир қатор мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда халқ депутатлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоят Кенгашларида 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган семинарлар ташкил этилди.

Анжуманларда халқ депутатлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоят Кенгашлари депутатлари, вилоят ҳокимлиги, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек,  2019 йилги Давлат дастурида мамлакат ҳаётининг барча соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулкчиликнинг устувор аҳамиятига асосланган иқтисодиётни ривожлантириш ва шу асосда халқ фаровонлигини янада юксалтириш, ижтимоий соҳани тараққий эттиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган.

Тадбирларда қатор мутасадди вазирлик ва идораларнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурида улар зиммасига юклатилган вазифалар юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг маърузасида таъкидланганидек, жорий йилда Сурхондарё вилоятида тиббиёт муассасаларига доир 18 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши, ушбу мақсадларга 46,1 миллиард сўм миқдорида маблағ йўналтирилиши белгиланган. Қашқадарё вилоятида эса 15 та шундай объектда 51 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилади. Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати учун Сурхондарё вилоятига жами 7 та, Қашқадарё вилоятига эса 15 та замонавий махсус тиббий транспорт воситаси ажратилиши белгиланган. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш борасидаги бу каби чоралар ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилашга, пировардида одамлар саломатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.  Шунингдек, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида хусусий тиббиёт муассасалари тармоғини янада кенгайтириш, бу йўналишда тадбиркорларга имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш назарда тутилаётгани таъкидланди.

Анжуманларда яна бир жиҳатга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2019 йилдаги капитал қўйилмаларнинг асосий параметрларига урғу берилди.

Таъкидланганидек, ҳужжатда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида амалга оширилиши лозим бўлган чоралар ва лойиҳалар аниқ белгилаб қўйилган. Унга кўра, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам  кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқарилади. “BIO AGRO” МЧЖ корхонасида  биомаҳсулотларни етиштириш, “Сурхон КСП Гранд” МЧЖ қўшма корхонасида қамиш асосида қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, “Ғузор Текстиль ипекс” МЧЖда тўқимачилик матоси тайёрлаш, ёғ-мой корхоналарини модернизация қилиш ва янги технологияларни киритиш, вилоятлардаги бир қатор ижтимоий муассасаларнинг янги биноларини қуриш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа кўплаб лойиҳалар шулар жумласидан.  Ушбу барча режаларнинг амалга ошиши учун аввало таъсирчан жамоатчилик назоратини, хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари томонидан олиб борилаётган ишлар мониторингини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий Кенгашлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

Шунингдек, семинарларда ижтимоий соҳа бўйича белгиланган бошқа вазифалар, шу жумладан аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш ҳақида батафсил сўз юритилди.

Анжуманларда ушбу йўналишда халқ депутатлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоят Кенгашлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Поделиться