Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бутунжаҳон таэквондони тарғиб қилиш фонди мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди
2019-02-21 | Спорт
20 февраль куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига Бутунжаҳон таэквондони тарғиб қилиш фонди раҳбари Санг Вук Ли бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Учрашувда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, вазирликнинг тегишли бошқармалари бошлиқлари, Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси бош котиби Улуғбек Асқаров, вице-президенти Ҳумоюн Ибрагимов ҳамда ассоциациянинг бошқа мутасаддилари иштирок этишди. Тадбирда таэквондони юртимизда янада оммалаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, спортчиларимизни нуфузли мусобақаларга тайёрлаш бўйича ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Ойбек Қосимов делегация аъзоларига сўнгги йилларда юртимизда таэквондони оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, ушбу спорт тури бўйича мавжуд секциялар ва вакилларимиз қўлга киритаётган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берди.
“Сиз билан юртимизда кўришиб турганимиздан хурсандман. Хуш келибсиз. Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз томонидан юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни кунда таэквондо билан ҳам ўн беш минг нафардан ортиқ ёшлар мунтазам шуғулланишмоқда. Республикамиздаги мавжуд спорт таълим муассасаларининг аксариятида таэквондо секциялари фаолият кўрсатмоқда.Ушбу секциялар сонини кўпайтириш, уларнинг моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ўқув услубий қўлланмалар тайёрлаш ҳамда спортчиларимизнинг нуфузли мусобақаларга тайёрлаш бўйича фонд билан ҳамкорлик қилиш биз учун жуда манфаатли бўлар эди.” – деди Ойбек Қосимов.
Фонд раҳбари Санг Вук Ли ҳам юртимизда таэквондога қаратилаётган эътибор мамнун эканлигини айтиб, ушбу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Шунингдек, фонд раҳбари Кореянинг Мучжу провинциясидаги таэквондо паркидаги ташкил этиладиган мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларига спортчиларимиз таклиф этилиши ҳамда фонд томонидан юртимизда таэквондони оммалаштиришга ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги