Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Финляндия таълим соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
2019-02-20 | Таълим
Жорий йилнинг 18 февраль куни Халқ таълими вазири ўринбосари Сарвар Бобохўжаев Финляндия делегациясини қабул қилди. Мазкур делегация таркибига глобал таълим хизматлари менежери Ҳейкки Пуса бошчилигида Ювяскюля JAMK амалий фанлар Университети вакиллари киритилган. Учрашувда Финляндиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Мария Лиивала ҳам иштирок этди.
Учрашув жараёнида Сарвар Бобохўжаев Халқ таълими вазирлиги таълим соҳасида дунёнинг етакчи давлатларидан бири Финляндия билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини, шунингдек, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини таъкидлаб ўтди. Жумладан, Финляндиянинг тажрибаси орқали, фин мактаб таълими асосида ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ўқув режалари ҳамда методологияларини яратиш бўйича манфаатдор эканлигини билдирди.
Бундан ташқари, янги ўқув йилидан юртимизда иқтидорли ёшлар учун ихтисослашган Президент мактабларининг очилиши ҳақида маълумот бериб ўтди. JAMK университети тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, болаларни мактабга қабул қилиш ҳамда истеъдодли ўқувчиларга таълим бериш тизимини яратиш бўйича ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқиш таклифини берди.
Ўз навбатида, Хейкки Пуса JAMK университетининг фаолияти тўғрисида, хусусан, Қозоғистондаги таълим муассасаларининг тажрибаси ҳақида гапирди. Шунингдек, Назарбоев мактабларига ҳам JAMK Университети томонидан консультатив ёрдам курсатилганлигини таъкидлади. Мазкур университет ўқитувчи ҳамда мактаб раҳбарларини тайёрлашини ҳам айтиб ўтди.
Музокаралар чоғида юртимиз вакиллари томонидан фин мутахассисларига Ўзбекистонда педагогика университетини ташкил этиш ва халқ таълими тизимидаги ходимларни қайта тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқиш таклифи берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги