Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазир Сирдарё вилоятида АКТ ривожи билан танишди
2019-02-20 | Технологиялар
15-16 февраль куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Садиков ҳудудларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятида бўлди.
Мазкур вилоятга сафар доирасида Вазир Мирзаобод ва Гулистон туманлари телекоммуникация боғламалари ва туман почта алоқа боғламалари, тумандаги Тошкент радиотелевизон узатиш марказининг «Гулистон» радиотелевизион станцияси фаолиятини яқиндан ўрганди. Ушбу тумандаги «Зарбдор» ҚФЙ «Ишонч» массивида қурилган намунали уй-жойларга ГПОН технологияси ҳамда Гулистон шаҳридаги «Боғишамол» массиви «Буюк келажак» маҳалласида қурилган кўп қаватли уйларга ФТТб технологияси асосида замонавий телекоммуникация хизматларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигига эътибор қаратди.
Вазир Ш. Садиков учрашувлар давомида ҳудудларда соҳани жадал ривожлантириш, жойларда ечимини кутаётган масалаларни биргаликда ҳал қилишда мутасадди раҳбарлар ва ходимларнинг ўз вазифасига масъулият, фидоийлик ва ташаббускорлик билан ёндашишлари зарурлигини таъкидлади.
Сирдарё вилоятида «Рақамли технологиялар ва АТ-тадбиркорлик ўқув марказлари»ни ташкил этиш лойиҳаси доирасида, аввало, вилоятнинг телекоммуникация инфратузилмасини тубдан ривожлантириш, ушбу мақсадлар учун 2019 йил давомида умумий қиймати 45,4 млрд. сўмга тенг бўлган лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилгани Вазир томонидан алоҳида эътироф этилди.
Вазир вилоятнинг бир қатор туманлари телекоммуникация боғламаларида мавжуд кенг полосали технология асосидаги қурилмалардан фойдаланиш даражасини ошириш, маркетинг ва тижорат сиёсатининг тўғри йўлга қўйиш, шунингдек, соҳада кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиалларини битирувчи ёшларни иш билан таъминлаш бўйича бўйича аниқ кўрсатмалар берди.
Вазирлик раҳбари узоқ йиллар давомида соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимларини Вазирликнинг ташаккурномаси билан тақдирлади ҳамда қимматбаҳо совғалар топширди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги