Энг камида битта олтин медал кафолатланган, сабаби, тўрт финалчимиздан икки нафари битта рингда ўзаро жанг ўтказади.
Болгариянинг София шаҳрида ташкиллаштирилган бокс бўйича халқаро “Странжа” турнири бугун ниҳоясига етади. Бир неча кун давом этган мусобақанинг ҳал қилувчи финалига бир эмас тўрт нафар ҳамюртимиз етиб келган. Эътиборли жиҳати, тўрт ҳамюртимиздан икки нафари битта вазнда, битта рингда ўзаро жанг олиб боради.
70-бор уюштирилаётган турнирда дунёнинг 42 давлатидан 350 нафарга яқин боксчиси иштирок этганлигини, уларнинг орасида Жаҳон ва Олимпия ўйинлари ғолибларининг бўлиши унинг нуфузини айтиб турибди.
Тўққиз нафарлик боксчиси билан иштирок этган Ўзбекистон делегациясининг ярми финалга етиб келди. Бугун бўладиган ҳал қилувчи жангларда қуйидаги вакилларимиз бош соврин учун баҳс олиб боради:
52 кг:
Худойназар Файзов (Ўзбекистон) – Даниэль Асенов (Болгария)
56 кг:
Абдулҳай Шораҳматов (Ўзбекистон) – Миразизбек Мирзаҳалилов (Ўзбекистон)
69 кг:
Бобо-Усмон Ботуров (Ўзбекистон) – Аблайхан Жусупов (Қозоғистон).
Яна бир боксчимиз - Шунқор Абдурасулов ярим финалда мағлубиятга учраб, бронза медал билан тақдирланди.
Ойбек Юнусов, ЎзА
Манба: ЎзА