Ўзбекистонлик мутахассислар PISA тадқиқотларига тайёргарлик бўйича Россияда малака оширмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари, Республика таълим маркази ҳамда Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази мутахассисларидан иборат 20 кишилик Ўзбекистон делегацияси таълим сифатини баҳолаш юзасидан PISA, PIRLS, TIMSS тадқиқотларига тайёргарлик кўриш бўйича Россия тажрибасини ўрганиш мақсадида Москва шаҳрида семинар-тренингда қатнашмоқда.
Жаҳон банки ва Россия тренинг маркази билан ҳамкорликда “Таълим сифатини баҳолаш тизимида халқаро солиштирма тадқиқотлар - мактаб таълимини такомиллаштириш механизми сифатида” мавзусида семинар-тренинглар 2019 йил 18-22 февраль кунлари Москва шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда таълим сифатини баҳолаш ва халқаро тадқиқотлар соҳасидаги етук мутахассислар ҳамда халқаро экспертлар томонидан маърузалар, давра суҳбатлари ташкил этилиши белгиланган.
Мазкур семинарнинг биринчи кунида Россия тренинг марказининг “Таълим соҳасида менежмент” факультети декани Е.А.Ленская, “Россия таълим академияси таълимни ривожлантириш стратегияси институти” Таълим сифатини баҳолаш маркази раҳбари Г.С.Ковалева, Таълим сифатини баҳолаш бўйича Евроосиё ассоциацияси президенти, Россия Таълим академияси академиги В.А.Болотов ҳамда “Иқтисодиёт олий мактаби” Миллий тадқиқот университетининг таълим институти халқаро таҳлил лабораторияси раҳбари ўринбосари А.Б.Захаровлар томонидан мазмунли машғулотлар олиб борилди. Машғулотлар давомидаги мавзулар семинар-тренинг иштирокчилари томонидан қизиқиш билан тингланди ҳамда савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой бўлди.
Семинарда В.А.Болотов “Глобал ўзгаришлар даврида турли даражадаги таълим сифатини баҳолаш тизимининг ривожланиш тенденциялари”, Г.С.Ковалева “Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро солиштирма тадқиқотларда Россиянинг иштироки”, Е.А.Ленская “Яхши таълим тизими қандай қилиб ўзининг салоҳиятини оширади”, А.Б.Захаров “Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро солиштирма тадқиқотлар натижаларининг комплекс таҳлиллари” мавзуларида маърузалар қилинди.
Халқаро экспертлар томонидан билдирилган ғоялар ва фикрлар асосида, семинарнинг биринчи куни якунида барча иштирокчилар билан биргаликда ақлий ҳужумлар ташкил қилиниб, хулоса ва таклифлар берилди, хусусан, ўқитувчиларнинг салоҳиятини ошириш ҳамда уларни янгича халқаро тадқиқотларга мослаштириш борасида уларнинг руҳини кўтарадиган фикрлар, тавсиялар бериб бориш, психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
ўқувчиларга фанларга оид билимларни беришда унинг ҳаётда қўллай олиш кўникмаларини ривожлантиришни инобатга олиш, мисол учун, физика фанида қонуниятлар, тезлик ва босим ўртасидаги мутаносибликнинг ҳаётда нима учун керак бўлишини ўргатиб, қизиқтириш;
математика ва табиий фанларнинг ўқув дастурларига мантиқий ва ижодий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган топшириқларни киритиб бориш;
халқаро тадқиқотларга тайёргарлик жараёнида малака ошириш муассасалари ўқитувчиларини олдиндан тайёрлаш, ўқув дастурларига халқаро тадқиқотларга оид мавзуларни киритиш;
мактаблар рейтингини амалга оширишда, шаҳарлар марказларидаги салоҳиятли мактаблар билан чекка ва қишлоқ ҳудудларидаги мактабларни солиштириш эмас, балки уларни тоифаларга ажратишга алоҳида эътибор қаратилиши, бунда, мактабларнинг ихтисослашуви, жойлашуви ва бошқа шунга ўхшаш омилларни ҳисобга олган ҳолда тоифаларга ажратилиши;
халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришда таянч мактабларни фаоллаштириш ва уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиш;
Таълим сифатини баҳолаш бўйича Евроосиё халқаро ассоциацияси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;
оила ва маҳалла институти концепциясини такомиллаштириш;
олий таълим муассасаларида мажбурий ва танлов фанлар тизимини жорий этилишига эътибор қаратиш, мисол учун, муҳандислик йўналишларида, педагогика фанини танлов фани сифатида киритилиши, кейинчалик ўқитувчи бўлишни хохлаган талабалар педагогик фаолият билан шуғулланишига замин яратилади;
ўқитувчилик фаолиятига тайёрланадиган махсус педагогик синфларга ажратиб ўқитилишни жорий қилиш;
ўқитувчиларни моддий ва маънавий рағбатлантиришни кучайтириш;
“Ўқитувчи” ихтисослигини бериш тартибини такомиллаштириш;
ўқитувчилик фаолияти учун мактабдаги ўқиш давридан тайёрлаб бориш бошқалар.
Эслатиб ўтамиз, Москва шаҳридаги семинар-тренинглар 22 февралга қадар давом этиши режалаштирилган бўлиб, уларда иштирокчилар таълим сифатини ошириш ва баҳолаш тизимига оид янада сермазмун маълумотларга эга бўлишлари кутилмоқда.
Манба: ЎзА