Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёшлар ҳарбий қисмда бўлди
2019-02-19 | Жамият
Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва уюшмаган ёшлар учун “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” шиори остида очиқ эшиклар куни ўтказилди.
Ҳарбий қисм, Андижон вилоят мудофаа ишлари, халқ таълими бошқармалари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий касбга бўлган қизиқишини ошириш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини намойиш этиш мақсадида ўтказилган тадбирда ўқувчиларга миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг маълумот берилди.
Тадбир доирасида ўтказилган ҳарбий техника ва жанговар қуроллар намойиши ҳамда спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.
Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар, ёнғин хавфсизлиги бошқармалари ходимларининг шартли террорчиларни қуролсизлантириш, қўлга олиш, ёнғинларни бартараф этиш, фавқулодда вазиятларда биринчи ёрдам кўрсатиш, жанговар салоҳияти борасидаги намойишларини ёшлар катта қизиқиш билан томоша қилди.
Ҳарбий қисм аскарларининг ҳарбий техника ва жанговар қуроллардан фойдаланиш борасидаги кўргазмалари, ёшлар билан мулоқотлари ёш авлод вакилларининг ҳарбий соҳага қизиқишини оширишга, Ватанга муҳаббатини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ёшлар ҳарбий қисмда аскарларнинг яшаш шароити, ҳарбий тайёргарлик ўқув-машғулотлари билан танишди. Қуролли Кучлар фахрийлари эса ёшларга ўз ҳаёт йўли, ҳарбий касб масъулияти, машаққати, Ватан ҳимояси муқаддас бурч экани ҳақида сўзлаб берди.
– Ушбу тадбир орқали миллий армиямиз, унинг куч-қудрати ҳақида кўп маълумотга эга бўлдик, – дейди Андижон шаҳридаги 13- умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Муҳаммадазиз Мадаминжонов. – Ҳарбийлар ҳаёти, улар фойдаланаётган қурол-аслаҳалар билан яқиндан танишар эканман, келажакда ҳарбий бўлишга қизиқишим янада ортди.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА