Таълим сифатини оширишда Финландия билан ҳамкорлик қилинади.
Бугун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Тошкенбоев бошчилигида Финландиянинг Ўзбекистондаги элчиси Мария Лиивала, Ювяскул амалий фанлар университети вакиллари ассистент Ирина Амбросин, стратегик ривожланиш бўлими бошлиғи Лиина Лийматейнен, Глобал таълим хизматлари менежери Хейкки Пуса, маслаҳатчи Йоханна Хейккиля, ижтимоий фанлар ва соғлиқни сақлаш мактаби директори Пертти Малкки, “Буюк келажак” кенгаши эксперти Комила Султонова билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувнинг кириш қисмида Инспекция раҳбари томонидан финландиялик меҳмонларга инспекция фаолияти бўйича, инспекция ташкил этилганлигига кўп вақт бўлмаса-да амалга оширилган кўплаб самарали ишлар бўйича умумий маълумотлар берилди. Хусусан,таълим сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, ўқув тарбия жараёнлари сифатини назорат қилиш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, нодавлат таълим муассасаларига лицензиялар беришни ташкил этиш, олий таълим муассасаларининг рейтингларини аниқлаш, таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш борасида кўплаб ишларни амалга ошириб келмоқда. Қолаверса, ҳукумат қарорига кўра барча таълим муассасалари фаолиятига доир маълумотларни ўз ичига олган ягона интеграцион маълумотлар базасини шакллантириш бўйича бошланган чоралар ҳақида ҳам тушунчалар берилди.
Шундан сўнг, Глобал таълим хизматлари менежери Хейкки Пуса Финландиядаги таълим тизими, фаолият ва йўналишлар доирасида таълим сифатини ошириш механизмлари, сифатни таъминлашдаги миллий тизими, баҳолаш ва сифатни бошқариш жараёнлари ҳақида тушунчалар бериб ўтди. Шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш ва хизмат кўрсатиш соҳасида доимий ҳамкорлик олиб бориш таклифини берди.Шунингдек, суҳбат чоғида Ювяскул амалий фанлар университети вакиллари томонидан мазкур университет фаолияти бўйича асосий маълумотлар бериб ўтилди.
Жумладан, ушбу таълим муассасаси 8 та таълим йўналишида, яъни педагогикадан туризмгача бўлган катта масштабда фаолият олиб боради. Қолаверса, Финландия таълим тизимини бошқа давлатларда татбиқ қилиш бўйича дунёнинг 50 дан ортиқ давлатларида 300 дан ортиқ ҳамкорлик лойиҳаларига эга, шу билан бир қаторда, мазкур университет ҳар йили 650 дан ортиқ талабанинг алмашинувида иштирок этади.
Учрашув якунида эса таълим сифатини юқори босқичга кўтаришда Ўзбекистон ва Финландия ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
матбуот хизмати
Манба: ЎзА