Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Савдо-саноат палатаси яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини экспертизадан ўтказди

2019-02-18 | Иқтисодиёт

Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифода этувчи, шу жумладан, улар фаолиятига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таъсирини баҳоловчи ваколатли органдир.

Қонунчиликда белгиланган ушбу ваколатларни самарали амалга ошириш мақсадида, Палата томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан Жамоатчилик экспертизалари ўтказилиб, салбий ҳамда ижобий характердаги Хулосалар бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 82 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Экспертлар кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсирини инобатга олган ҳолда, 40 га яқин лойиҳаларга эътирозларни ўз ичига олган хулосалар берилди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Импорт қилинадиган маҳсулотларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:

1. Лойиҳа 2-иловасининг 6-бандига кўра, Давлат божхона қўмитаси ҳар бир импорт қилувчига божхона қонунчилигига риоя қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хабарномасини юбориши белгиланган.

Аммо, огоҳлантириш хабарномаси импорт қилувчиларга ҳар бир импорт операцияси бўйича тақдим этилиши ёки фақат бир маротаба тақдим этилиши аниқ кўрсатилмаган. Бу эса, амалиётда ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу боис, огоҳлантириш харабномаси қандай ҳолатларда юборилишини аниқ назарда тутиш тавсия этилади.

2. Лойиҳа 2-иловасининг 10-банди биринчи хатбошига кўра, “Камерал назорат натижасига кўра импорт қилинган товарлар миқдорига нисбатан молиявий ва солиқ ҳисоботларидаги тафовутлар ҳамда солиқ ва божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, ҳар бир импорт қилувчи томонидан импорт қилинган товарлар суммаси, реализация ҳажми ҳамда товарлар қолдиғини акс эттирувчи Назорат карточкаси очилади”, - деб белгиланган.

Бироқ, лойиҳада Назорат карточкасини очиш ва уни божхона органларига юборишдан кўзланган мақсад аниқ акс эттирилмаган.

Шунингдек, Назорат карточкаси очиш ва уни юритишни назарда тутиш орқали ортиқча ҳамда кераксиз бўлган қўшимча маъмурий тартиб-таомиллар белгиланган.

Бу эса, амалиётда мазкур нормани турлича талқин қилиш, тадбиркорлик субъектларидан ортиқча маълумотларни талаб қилиш ва уларга нисбатан турли чораларни қўллаш каби салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

3. Лойиҳа 2-иловасининг 13-бандига кўра, “Импорт қилувчилар томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида кўрсатилган ва давлат солиқ хизмати органларидаги мавжуд маълумотлар ўртасида келиб чиққан тафовутларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш мақсадида Назорат карточкаси очилган импорт қилувчиларнинг жойига борган ҳолда ўрганишни амалга оширишга асос бўлади”, - деб белгиланган.

Аввало, мазкур норма аниқ ифодаланмаган. Унда импорт қилувчиларнинг жойига борган ҳолда ўрганишни амалга ошириш учун нима асос бўлиши аниқ келтирилмаган.

Бундан ташқари, ушбу норма орқали камерал назорат якуни бўйича тадбиркорлик субъектида ўрганиш ўтказиш назарда тутилган.

Ваҳолангки, солиқ кодексининг 70-моддасига кўра, камерал назорат солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан амалга оширилади. Камерал назоратнинг мақсади солиқ тўловчига давлат солиқ хизмати органлари томонидан камерал назорат натижалари бўйича аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни мустақил равишда бартараф этиш ҳуқуқини беришдан иборатдир.

Агар солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилганлиги ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботида кўрсатилган ва давлат солиқ хизмати органларидаги мавжуд маълумотлар ўртасида зиддиятлар борлиги камерал назорат жараёнида давлат солиқ хизмати органи томонидан аниқланса, бу ҳақда солиқ тўловчига тегишли тузатишлар киритиш талаб қилинган ҳолда ёзма шаклда, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабар қилинади.

Кўриниб турганидек, солиқ кодексида камерал назорат натижаси бўйича ўрганиш ўтказилиши белгиланмаган.

Қолаверса, жойга борган ҳолда ўрганишни амалга оширилишида унинг текширишларга айланиб кетиш эҳтимоли юқори.

4. Лойиҳа 2-иловасининг 16-бандига кўра, “Импорт қилувчилар томонидан импорт қилинган товарлар кейинчалик сотилиши ёки ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун сарфланганлиги назоратини олиб бориш мақсадида Назорат карточкаси ёпилгунга қадар давлат солиқ хизмати органлари хронометраж тадбирларини амалга ошириб боради”, - деб белгиланган.

Аммо, ушбу норма ҳам солиқ кодекси талабларига зиддир. Яъни, унда камерал назорат натижаларига кўра, давлат солиқ хизмати органлари томонидан хронометраж тадбирлари амалга оширилиши белгиланмаган.

5. Лойиҳа 2-иловасининг 18-бандида давлат божхона хизмати органлари томонидан импорт қилувчилар бўйича давлат солиқ хизмати органлари томонидан тақдим қилинган маълумотлар асосида Давлат божхона қўмитасининг Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимидаги ноҳалол табиркорлар рўйхатига киритиши белгиланган.

Ваҳоланки, Давлат божхона қўмитасининг Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимининг фаолият кўрсатиш механизми бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳозирги кунга қадар қабул қилинмаганлигини инобатга олган ҳолда импорт қилувчилар тўғрисида солиқ хизмати органлари маълумотлари асосида тадбиркорилик субъектларини ноҳалол тадбиркорлар рўйхатига киритиш тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини бузилишига олиб келади.

Бундан ташқари, Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимида рўйхатлар ноҳалол тадбиркорлар бўйича эмас, балки хавфнинг хавфлилик даражасига қараб, турларга бўлинган ҳолда шакллантирилади.

6. Лойиҳа 2-иловасининг 19-бандида ўрганишлар натижасига кўра импорт қилувчилар томонидан тафовутлар бартараф этилмаган ва жиноят аломатлари мавжуд деб топилган ҳолларда ҳуқуқий малакалаш учун ўрганиш материаллари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилиши белгиланган.

Ваҳоланки, ўрганишлар натижасига кўра импорт қилувчилар томонидан тафовутлар бартараф этилмаган тақдирда ва қасддан жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, у ҳолатда давлат солиқ хизмати органлари томонидан юзага келган солиқ бўйича қарздорлик суд тартибида ундириб олиниши лозим.

Зеро, солиқ кодексининг 70-моддасига кўра, “Солиқ тўловчи томонидан аниқланган тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш юзасидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилади”, - деб белгиланган.

7. Лойиҳа 2-иловасининг 19-банди иккинчи хатбошига кўра, “Шунингдек, мазкур импорт қилувчилар томонидан республика ҳудудига олиб кирилган товарлар бўйича божхона расмийлаштирувини вақтинча тўхтатиш юзасидан Давлат божхона қўмитасига маълумот юборилади”, - деб белгиланган.

Бунда, импорт қилувчи томонидан содир этилганлиги эҳтимол тутилган қонунбузарлик учун унинг кейинги фаолиятини ҳам тўхтатиб туриш кўзда тутилган.

Бироқ, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 34-моддасида “Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик мавжудлиги фактидан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ўзга қонуний фаолиятига аралашиш ёки бундай фаолиятни чеклаш учун асос сифатида фойдаланиши мумкин эмас”, - деб белгиланган.

Шунингдек, лойиҳа 2-иловасининг 20, 21, 22-бандларида ҳам юқорида келтирилган қонун нормаси талабларига зид бўлган нормалар белгиланган.

Бу эса, тадбиркорлик фаолиятининг асоссиз чекланиши ва бу орқали ушбу фаолиятга тўсиқ яратилишига олиб келади.

Шунингдек, фақат жиноят аломатлари мавжуд деб топилган импорт операцияси ёки импорт шартномаси бўйича божхона расмийлаштирувини тўхтатиш қонуний ҳисобланади. Бошқа ҳолатларда импорт қилувчининг ташқи савдо операциялари бўйича божхона расмийлаштирувини тўлиқ тўхтатиш амалдаги тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини бузилишига олиб келади.

8. Лойиҳа 2-иловасининг 23-24-бандларида импорт қилувчиларнинг бюджет олдида қарздорлиги юзага келган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари белгиланган тартибда маъмурий ундирув чораларини амалга ошириши, бунда етарли маблағ бўлмаган тақдирда, мажбурий ундирувга қаратиш юзасидан давлат божхона хизмати органларига сўров юборилиши ҳамда ушбу сўров асосида божхона хизмати органи импорт қилувчиларнинг шахсий ғазна ҳисоб варақаларини маблағлар мавжудлиги юзасидан ўрганиши ва қарздорликни ундириш учун етмаган қисмини мавжуд маблағлар ҳисобидан қоплашга йўналтириши белгиланган.

Аммо, юқорида келтирилганидек, солиқ тўловчи томонидан аниқланган тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш юзасидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилади.

Кўриниб турганидек, лойиҳанинг ушбу бандларида белгиланган нормалар амалдаги қонунчилик нормалари талабларига зиддир.

9. Ушбу лойиҳада импорт қилинадиган маҳсулотларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш соҳасида ортиқча ва кераксиз бўлган, шунингдек амалдаги қонунчилик талабларига зид маъмурий тартиб-таомилларни белгилаш, тадбиркорлик фаолиятида тўсиқларни келтириб чиқарувчи асоссиз чекловлар назарда тутилган.

Бу эса, мамлакатда олиб борилаётган тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларга зиддир.

Шу билан бирга, бундай мезонларнинг белгиланиши тадбиркорлик соҳасидаги мавжуд имкониятлардан ҳам самарали фойдаланишда тўсиқ бўлади.

Шу боис, лойиҳани қайта кўриб чиқиш ва уни амалдаги қонунчилик нормаларига мослаштириш тавсия этилади.

Палата томонидан билдирилган барча эътирозлар инобатга олиниб, лойиҳага тегишли ўзгартириш ва тузатишлар киритилди ҳамда лойиҳа белгиланган тартибда келишилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси

Поделиться