Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида
2019-02-18 | Маданият
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари тизимида юрт тинчлигини таъминлаш билан бир қаторда санъатга меҳр қўйган, истеъдодли ходимлар жуда кўп. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, истеъфодаги полковник Икромжон Бўронов ҳам ички ишлар органлари фахрийси ва элимиз суйган санъаткор сифатида ёшлар учун ибрат бўлган ҳақиқий ватанпарвар ва фидойи инсонлардан биридир.
ИИВнинг Маданият саройида устазода санъаткорнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Сен баҳорни соғинмадингми?” номли китоб тақдимотига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда истеъдодли санъаткор, тизим фахрийсининг яқинлари, шогирдлари ва оила аъзолари билан бирга, Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Бахром Адилов, Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари халқ артисти Ёдгор Саъдиев ҳамда вазирликнинг бир қатор раҳбар ходимлари иштирок этишди.
Кечага йиғилган устоз санъаткорнинг сафдошлари, ҳамкасблари ва шогирдлари Икромжон Бўроновнинг ҳаёти ва ижодига алоҳида тўхталиб, биргаликда эришган ютуқлари-ю, қийинчиликларни залда ўтирган ички ишлар органлари ходимлари ва тизимнинг ўқув муассасаларида таҳсил олаётган бўлажак кадрларига сўзлаб бердилар.
Ўз ўрнида Икромжон Бўронов ҳаёти ва ижодига бағишланган “Сен баҳорни соғинмадингми?” номли китоб ҳақида тўхталадиган бўлсак, китобда унинг болаликдан бугунги кунга кадар босиб ўтган ҳаёт йўли, хизмат ва ижодий фаолияти, ҳаётдан, устозларидан олган сабоқлари, дўстлар садоқати ва шогирдлар эҳтироми ҳақида сўз юритилган.
Китобдаги ҳар бир мақолада Икромжон Бўроновнинг аввало оддий инсон сифатидаги фазилатлари, меҳнатсеварлиги, камтарлиги ва ташаббускорлиги, зарур кезлардаги қатъияти ва шижоати ҳақида ҳикоя қилинади.
Бу инсонни нафақат ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийлари, балки санъатсевар халқимиз ҳам жуда яхши танийди, номини доимо ҳурмат-эҳтиром билан тилга олади.
У киши ҳарбий хизматда бўлган давридаёқ ҳаваскорлар ансамблини тузиб, концертлар уюштирган ва унинг негизида ҳарбий ансамбль ташкил қилган. Кейинчалик Икромжон Бўронов ички ишлар органларининг турли лавозимларида самарали фаолият олиб борган.
Улар қайси вазифа ва лавозимда ишлашидан қатъи назар масъулиятли ходим, талабчан ва адолатли раҳбар сифатида ҳурматга эга бўлган. Хизмат фаолияти давомида шахсий таркибни тарбиялаш, ходимларни ўқитиш, билим савиясини оширишга алоҳида эътибор қаратиб, ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшди.
Ўзининг самарали меҳнати билан оддий аскарликдан полковник унвонига, ҳаваскор санъаткордан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” даражасига кўтарилди.
Барчамиз севиб тинглайдиган “Сен баҳорни соғинмадингми?” кўшиғи бугун орадан ярим асрдан кўп вақт ўтган бўлсада, ҳамон элимизнинг суюкли кўшиғи сифатида янграб келмоқда.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, ушбу истеъдод соҳиби ички ишлар тизимида истеъфога чиққанидан сўнг, 1991 йили шогирдлари билан бирга Ички ишлар вазирлигида янги ансамбль тузган. Бадиий жамоага таниқли санъаткорлар билан бирга, ёш, истеъдодли хонанда ва созандаларни жамлаб, ватанпарварлик, мардлик ва жасоратни мадҳ этувчи ижод намуналарини яратди. Вазирлик ансамблининг янги авлод вакиллари ҳам бугунги кунда халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб, уларнинг қалбидан жой олиб келмоқда. Уларнинг устози Икромжон Бўронов ҳам соҳа ходимларининг маънавий-ахлоқий сифатларини юксалтиришга, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва хизмат бурчига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги