10-14 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси ишчи ташриф билан АҚШда бўлди.
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Саидкамол Хўжаев, инвестиция ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Лазиз Қудратов, шунингдек, саноат бирлашмалари, университетлар ва илмий-тадқиқот институтлари вакилларидан иборат делегация Миссисипи штати губернатори Ф.Брайант, конгрессмен Т.Келли, штат миллий гвардияси қўмондони Дж.Бойлз, Қишлоқ хўжалиги ва савдо департаментининг бошлиғи Э.Гибсон, шунингдек, паррандачилик, ўрмон хўжалиги ва фермерлар уюшмаси раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Миссисипи Қишлоқ хўжалиги ва савдо департаменти ўртасида протокол имзоланди. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси ва Миссисипи штати ўртасида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик назарда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан томонлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификатлаш соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, балиқчилик ва паррандачиликни ривожлантириш бўйича иш режасини тайёрлаш бўйича келишувга эришди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА
Манба: ЎзА