Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Агробанк ташаббускор ёшлар билан янги марраларни забт этади
2019-02-15 | Жамият
Бугунги кунда юртимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-ёшларнинг танлаган касблари бўйича етук мутахассислар бўлиб етишиши, келгусида уларни молия-банк соҳаларида фаолият юритишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
2018 йилнинг 22 ноябрь куни Президентимиз раҳбарлигида “Тижорат банклари фаолиятидаги тизимли муаммолар ва уларни банк тизими молиявий барқарорлигига ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсири” мавзусига бағишлаб ўтказилган йиғилишда тижорат банклари олдига бир қатор муҳим топшириқ ва вазифалар белгилаб берилганди.
Ушбу йиғилишдаги берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан соҳага билимли, шижоатли ва ташаббускор ёшларни ишга жалб этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Яқинда Агробанк олий таълим муассасаларининг иқтисодиёт, банк-молия йўналиши бўйича иқтидорли ёшларни ишга жалб этиш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Тошкент Халқаро Вестминстер университети ва Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида таҳсил олаётган талабалар ўртасида танлов ўтказди.
Мазкур танлов банкнинг мутахассислари иштирокида белгиланган мезонлар асосида ташкил этилиб, талаба ёшларнинг молиявий-иқтисодий ва замонавий ахборот технологиялари бўйича олган билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди. Танлов якунига кўра, улар орасидан энг иқтидорли 15 нафар талаба-ёшлар саралаб олинди ва ишга қабул қилинди.
Шуни қайд этиш жоизки, эндиликда ёшлар назарий жиҳатдан олган билимларини амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда тажрибали Агробанк ходимлари билан устоз-шогирд анъанаси асосида фаолият олиб боради.
Келгусида ёш мутахассислар нафақат Агробанк тараққиётини янада ривожлантиришга, балки янги ютуқ ва марраларни забт этишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишига ишонамиз.
Манба: Агробанк