Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Барча мактабларда Бобур таваллудининг 536 йиллиги кенг нишонланди
2019-02-15 | Маданият
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан 14 февраль — буюк шоир, олим, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллиги муносабати билан барча таълим муассасаларда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Хусусан, ўқувчилар ўртасида “Мушоира кечаси”, “Ғазалхонлик беллашуви”, “Шеърхонлик”, “Донолар бисотидан”, “Баҳру-байт” каби туркум тадбирлар ва адабий кечалар ташкил этилди. Синфлар ўртасида “Энг яхши деворий газета”, “Бобур асарлари билимдони”, “Ўз қўлимиз билан геометрик шакл ясаймиз”, “Бобур ғазаллари билимдони” каби қатор танловлар ўтказилди. Шунингдек, Бобур ҳаёти билан боғлиқ саҳна кўринишлари намойиш этилди ва ғазалларидан намуналар ўқилди.
Тадбирларда халқимизнинг бой маданий мероси, хусусан, буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо илмий-бадиий асарлари жаҳон илм-фани, адабиёти ривожида муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди. Бобур ва бобурийлар ҳаёти, ижодий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ўқувчиларга маълумотлар берилди.
Тадбирлар давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда таълим муассасаларига ёзувчи ва шоирлар таклиф этилди ва улар билан давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ташкил этилди.
Мазкур тадбирларда фаол иштирок этган ўқувчилар “Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги