Гулистонда аёллар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш масаласига бағишланган кўргазмали илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда “Gulshana texstil invest” МЧЖ корхонасида тикувчилик билан шуғулланиб келаётган, доимий иш ўрнига эга бўлиш истагини билдирган 400 нафарга яқин хотин-қиз иштирок этди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Ўролова мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, ҳудудда аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, қишлоқ қизларини оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масаласида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида вазифа белгилаб олинганини қайд этди.
Тадбир доирасида 200 нафардан ортиқ хотин-қиз 3 йил муддатга 7 фоизли кредит асосида уч турдаги замонавий тикув машинаси олиш учун шартнома имзолади. Энди тикувчилик фаолиятини бошламоқчи бўлиб шартнома имзолаган ҳар бир хотин-қизнинг хонадонида замонавий тикув машинаси бўлиши таъминланади.
– Тикув машиналаридан 3 дона харид қилиш учун шартнома имзоладим, – дейди Мирзаобод туманида истиқомат қилувчи якка тартибдаги тадбиркор Сайёра Ҳакимова. – Тўғри чок, оверлок қиладиган бу замонавий машиналар оилавий бизнесимни юритишда жуда қўл келади. Бундан ташқари, тикув машинаси олганимдан сўнг 4 та янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, семинар доирасида тикувчиликда катта тажрибага эга опа-сингилларимиздан кўп нарса ўргандик.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА
Манба: ЎзА