Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Навоийда тиббиёт соҳасидаги камчиликлар қандай бартараф этиладиган бўлди?

2019-02-14 | Соғлиқни сақлаш

2019 йил 13 ферваль куни халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат таркибда тузилган Республика ишчи гуруҳининг вилоятда ўтказган ўрганишлари якунлари муҳокама этилди. Вилоятда аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, Навоий вилояти аҳолисига 10 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 4 та оилавий поликлиника, 35 та қишлоқ оилавий поликлиника, 55 та қишлоқ врачлик пункти, 24 та шифохона ва 6 та диспансер тиббий хизмат кўрсатмоқда. 2018 йил давомида соғлиқни сақлаш тизимига 301 миллиард 879 миллион сўм ажратилган. Биргина дори-дармон таъминоти учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 19,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Шунингдек, инвестиция дастури доирасида 17 та объектда 46,9 миллиард сўмлик ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан манзилли рўйхат асосида 34 та тиббиёт муассасасида 7,4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. “Обод қишлоқ” дастури доирасида эса, 12 та тиббиёт муассасасида 10,9 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилган. Вилоятда 2018 йилда 32 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил қилиниб, бугунги кунда уларнинг сони 150 тага етган. Олис чўл ҳудудида жойлашган Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота ва Хатирчи тумани тиббиёт бирлашмалари 15 та УАЗ русумли автомашина билан таъминланган.

Тизимдаги шу каби ишлар натижасида аҳолининг соғлиқни сақлаш соҳасига бўлган ишончи ортганини фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар сони камайганидан ҳам кўриш мумкин. Буни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Навоий вилоятидаги Халқ қабулхонасига 2017 йилда тиббиёт соҳасига оид 834 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 273 тага камайиб, 561 тани ташкил этгани ҳам тасдиқлайди.

Вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти ва салоҳияти масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши натижасида кадрлар таъминоти 97 фоизга етган. 

Тизимдаги ислоҳотлар Навоий вилоятида ҳам аҳолининг малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ҳамда улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Сессия муҳокамалари жараёнида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, соҳада қилиниши лозим бўлган қатор вазифалар ҳамда ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар ва камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди. Масалан, вилоятда аҳолини патронаж хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш бўйича ишлар талаб даражасида ташкил этилмаётгани, аксарият ҳолларда патронаж хизмати фақатгина тегишли хонадон вакиллари билан суҳбатлашишдан иборат бўлиб қолаётгани, натижада айрим туманларда касалликка чалиниш ҳолатлари кўпайгани таъкидланди. Хусусан, умумий касалланиш кўрсаткичлари орасида нафас олиш аъзолари касалликлари (183 мингта ёки 29,2 фоиз), ошқозон-ичак хасталиклари (122,4 минг ёки 15,1 фоиз) ҳамда қон ва қон яратувчи аъзолар касалликлари (115,6 минг ёки 13,6 фоиз) кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда.

Шу билан биргаликда, сессияда вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдами ҳамда стационар даволаш муассасаларининг ўзаро интеграцияси лозим даражада таъминланмаётгани, айрим ҳудудларда тез ёрдам хизматига бўлган чақирувлар ҳақидаги маълумотлар тегишли оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктларига ўз вақтида етказилмаётгани ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Маълумки, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг ўзлари хизмат кўрсатаётган аҳоли вакиллари олдида ҳисобот бериши ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларида тегишли тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш амалиёти жорий этилган эди. Бироқ 2018 йил давомида вилоятдаги аксарият оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарлари аҳоли олдида бир ёки икки маротаба ҳисобот берган бўлса, айримлари эса, бу масалага деярли эътибор қаратмаган. Шуни эътиборга олган ҳолда, парламент қуйи палатаси депутатлари кўмагида барча шаҳар ва туманларда биттадан оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пункти раҳбарларининг ўзи хизмат кўрсатувчи маҳалла аҳолиси вакиллари олдида ҳисобот бериши намунали тарзда ташкил этилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан шаҳар ва туманларда қарийб уч кун давомида барча тиббиёт муассасаларининг фаолияти бевосита таҳлил этилди, шифокор ва беморлар билан суҳбатлашилди. Маҳаллалардаги 300 дан ортиқ хонадонларда бўлиб, ётиб қолган беморлар билан бевосита мулоқот қилинди. Уларга тиббий маслаҳатлар берилди ва амалий кўмак кўрсатилди. Республика илмий-амалий тиббиёт марказларининг мутахассислари иштирокида тиббий кўриклар ташкил этилиб, ўндан зиёд беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Сессияда Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омилларни аниқлаш ҳамда келгусида йўл қўйилмаслиги чораларини кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Вилоятда аҳолининг соғлиқни сақлаш, тиббиёт муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилиши белгилаб олинди. Жумладан, вилоятдаги ҳар бир тиббиёт муассасаси раҳбари ўзи шахсан кунига камида ўн нафар беморни кўрикдан ўтказадиган, туман ҳокимлари эса тиббиёт муассасалари ҳолатини яхшилаш мақсадида молия бўлими мудирлари билан биргаликда ҳафтада бир марта тиббиёт муассасаларини ўзи айланиб чиқадиган бўлди. Тиббиёт муассасалари ходим ва раҳбарларини соҳага тааллуқли бўлмаган турли тадбирларга жалб қилмаслик лозимлиги таъкидланди.

Хатирчи туманида эксперимент тариқасида бир ой давомида пенсияга чиққан нафақадаги тажрибали шифокорларни зарур тиббий асбоб-анжомлар билан таъминлаган ҳолда, ўз уйида ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатишга шароит яратиб бериш, ушбу тажриба амалда самарали натижа берса, уни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий қилишга келишиб олинди.

Тиббиёт бирлашмалари мудирлари ўз ҳудудида касалликлар умумий кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориб, маҳаллий ҳокимликлар билан уларни бартараф этиш чораларини кўриши лозимлиги таъкидланди.

Сессия якунида халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться