Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Академик фан ва замонавий ахборот технологиялари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий семинар
2019-02-14 | Фан
2019 йил 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ташаббуси билан Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна, Россия) Ахборот технологиялари лабораторияси етакчи олимлари ва Марказий Осиё тадқиқот ва таълим тармоғи (CAREN) вакиллари иштирокида “Академик фан ва замонавий ахборот технологиялари” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.
Ушбу семинар илм-фан ва таълим соҳасида ахборот технологияларидан амалий фойдаланиш ҳамда асосий маълумотлар базасини яратиш, йирик маълумотларни (Bug Data) қайта ишлаш ва бошқариш масалаларига бағишланди.
“Бирлашган ядро тадқиқотлари институти дунёда энг машҳур илмий марказ бўлиб, Ўзбекистон олимлари билан узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларига эга. Бугунги семинардан кўзланган асосий мақсад, россиялик ва қирғизистонлик олимлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, олимларимизни, ёш тадқиқотчиларимизни, талабаларимизни айнан илм-фанда ахборот технологияларидан фойдаланишнинг имкониятлари ҳамда афзалликлари билан кенгроқ таништиришдан иборат”, - дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти С.Мирзаев.
Шунингдек, семинар иштирокчилари юқори тезликдаги алоқа тизими сифатида CARENнинг атроф-муҳитни ўрганишга оид тадқиқотлар, сейсмология, телемедицина, табиий ва маданий меросни асраш каби соҳаларда биргаликдаги изланишларни ривожлантириш борасидаги фаолияти билан ҳам танишдилар.
Аввалламбор, ушбу семинарни ташкил этганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Бехзод Юлдашевга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу семинар ўзбек олимлари билан ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичига замин яратишига ишонаман, – деди Қирғизистон Республикаси Миллий Фанлар академияси академиги А.Кутанов (CAREN).
Семинар якунида илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлигини ва технологик салоҳиятни ошириш, шунингдек, фан, техника, иқтисодиётда ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Сейсмология Институти