Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Тошкент халқаро аэропортида сайёҳлик ахборот маркази ишга туширилади
2019-02-14 | Туризм
Тошкент халқаро аэропортида сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун замонавий ахборот масканларини ташкил этиш ишлари бошланди.
Tourist service center №2 қўниш залида жойлашган ва ҳар бири хорижий сайёҳларга Ўзбекистоннинг туризм саноати, мамлакатнинг замонавий йўналишлари ва маршрутлари ҳақида маълумот берувчи 6 бўлинмали думалоқ дизайнга эга бўлади.
Бу ерда ҳар бир чет эллик фуқаро сайёҳлик сим-карталари, Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб қўлланма, замонавий дам олиш масканлари, меҳмонхоналар ва ресторанлар ҳақида керакли маълумотларни берувчи реклама брошюралари, шунингдек, Республикада бўлиш тартиблари ҳақида консултация олиш имконига эга бўлишади.
Айни дамда Туризм қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тўғрисида 95 мингга яқин флаерлар тайёрланган. Аввалроқ, Давлат қўмитаси маданий мерос объектлари, темир йўл вокзаллари, аэропортлар ва меҳмонхоналар ҳудудида сим-карталар, маданий-оммавий тадбирларга чипталар, қисқа муддатли турлар, темир йўл ва авиачипталар сотиладиган сайёҳлик ахборот марказларини ташкил этиш режалаштирилган эди.
Шунингдек, келгусида сайёрларга умумий овқатланиш шаҳобчалари, турар-жой масканлари ҳақида маълумотлар, такси чақириш, музейга чипта олиш, совғалар харид қилиш имконини берувчи сим-карталар тақдим этадиган стационар ва мобил инфокиосклар ўрнатиш кўзда тутилган. Лойиҳа давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги схемаси доирасида амалга оширилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги