Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Республикада аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва сил инфекциясидан ҳимоялаш, сил ва ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалишининг олдини олиш, барқарор санитария-эпидемиология ҳолатини сақлаб туриш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, экологик омиллар таъсирида ривожланадиган нафас органлари, айниқса, сурункали обструктив ўпка касалликларига учраган беморлар сонининг ошиши кузатилмоқда, респиратор патологияни касаллик ривожлангунга қадар эрта скринингловчи функционал ташхислаш амалга оширилмаяпти.
Фтизиатрия ва пульмонология хизматларининг интеграциялашуви етарли даражада эмаслиги респиратор касалликларга замонавий ташхис қўйиш ва уларни даволаш усулларини амалиётга самарали татбиқ этишга имкон бермаяпти.
“Фтизиатрия” ва “пульмонология” мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими замон талабларига жавоб бермайди, натижада ҳудудий муассасаларнинг фтизиохирург, фтизиоуролог, фтизиоортопед, фтизиоофтальмолог, фтизиогинеколог, фтизиопедиатр, шунингдек, пульмонолог каби малакали мутахассислар билан таъминланиши етарли даражада эмаслиги кузатилмоқда.
Фтизиатрия муассасалари моддий-техник базаларининг етарли даражада эмаслиги, тиббий жиҳозлар ва техникаларнинг етишмаслиги сил касали ва ўпканинг носпецифик касалликларига чалинган беморларга ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, мамлакатда барқарор санитария-эпидемиология ҳолатини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни кучайтириш ҳамда мазкур тизим муассасаларининг ресурс салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сил ва ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалишига қарши курашиш бўйича асосий вазифалари этиб белгилансин:
минтақавий эпидемиологик ҳолатни мунтазам равишда таҳлил қилиш ва мониторингини олиб бориш, сил ва унинг дориларга чидамли шакллари, ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалиши тенденцияларини прогноз қилиш;
сил ва ўпканинг носпецифик касалликларини келтириб чиқарадиган қўзғатувчиларни лаборатор ташхислаш усулларини сифат жиҳатидан янада яхшилаш;
инновацион усулларни жорий қилиш асосида сил ва носпецифик ўпка касалликларининг олдини олиш борасидаги комплекс профилактика ишларини амалга ошириш, силнинг латент шаклларини, силни юқтириб олиш хавфи юқори бўлган шахсларни, шунингдек, силнинг дориларга чидамли турига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахсларни ташхислаш ва даволашни ташкиллаштириш;
сил ва ўпканинг носпецифик касалликларини профилактика қилиш,
ўз вақтида ташхислаш ва даволашга йўналтирилган фундаментал, амалий
ва инновацион лойиҳалар бўйича илмий тадқиқотларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлаш;
бирламчи тиббий-санитария ёрдами даражасида барчага сифатли тиббиёт хизматларини таъминлаган ҳолда силнинг тарқалишига қарши чора-тадбирларнинг ОИВ/ОИТСни даволаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш дастурлари билан интеграциясини ташкиллаштириш.
2. Қуйидагилар:
2019-2021 йилларда сил ва ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалишига қарши курашиш комплекс чора-тадбирлари (кейинги ўринларда – Комплекс чора-тадбирлар) 1-иловага мувофиқ:
2020-2021 йилларда фтизиатрия муассасалари биноларини реконструкция қилиш тадбирлари дастури 2-иловага мувофиқ;
2020-2021йилларда фтизиатрия муассасаларини замонавий ташхислаш, даволаш ва реанимация ускуналари билан жиҳозлаш чора-тадбирлари дастури 3-иловага мувофиқ;
2020-2021 йилларда силга қарши санаторияларни замонавий реабилитация, ташхислаш ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш чора-тадбирлари дастури 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда хорижий давлатлар, халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари (қарзлари)ни, грантларини ушбу қарорда тасдиқланган Комплекс чора-тадбирлар ва дастурлар бажарилиши учун жалб қилиш бўйича зарур чораларни кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академиясида, кейинчалик бошқа тиббиёт олий таълим муассасаларида “Пульмонология” мутахассислиги бўйича магистратурада кадрларни тайёрлашни босқичма-босқич ташкиллаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилаб қўйилсинки, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб “Фтизиатрия” ва “Пульмонология” мутахассислиги бўйича магистратура ва клиник ординатурада кадрларни тайёрлаш фақат давлат грантлари асосида амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
иммунодиагностикани ўтказиш мақсадида 2019 йил 1 апрелга қадар
сил касаллигини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган шахсларнинг асосланган контингентини аниқласин;
2019 йил 1 майга қадар Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия
ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий марказларининг янгиланган ташкилий-штат тузилмаларини “Соғлиқни сақлаш” тармоғи бўйича кўзда тутилган йиллик бюджет маблағлари доирасида тасдиқласин;
2019 йил 1 майга қадар республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсида кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳажмини, пульмонолог хонасини жиҳозлаш стандартларини, мутахассисларнинг функционал вазифаларини белгилаган ҳолда пульмонология бўлимлари фаолиятини ташкиллаштиришни назарда тутувчи пульмонология йўналиши бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқласин;
2019 йил 1 июнга қадар Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган шахсларда аниқланган латент силни ташхислаш ва даволаш тадбирларини ташкиллаштириш, шунингдек, ушбу тадбирларни молиялаштириш манбаларини аниқлаш бўйича таклифлар киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда сифатли ташхислаш, силга қарши дори ва индивидуал ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш ва ривожлантириш бўйича таклифлар киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда тиббиёт олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари ва юкламаларини танқидий ўрганиш натижалари асосида тиббиёт олий таълим муассасаларининг “Фтизиатрия” кафедраларини “Фтизиатрия ва пульмонология” кафедраларига қайта ихтисослаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 сентябрга қадар сил ва ўпканинг носпецифик касалликлари, шунингдек, фтизиатрия муассасаларини моддий-техник жиҳозлашнинг замонавий клиник қўлланма ва протоколлари, ташхис ва даволаш сифатига оид стандартларини ишлаб чиқсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда фтизиатрия муассасаларини иммунодиагностика ва силга қарши дори воситалари билан таъминлаш учун зарур маблағ ажратилишини назарда тутсин.
7. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А.Абдуҳакимовга – ушбу қарорда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилиши бўйича вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ҳамда унинг амалга оширилишини мунтазам кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А.Қўчқоровга – ушбу қарорда белгиланган тадбирларни тўлиқ бажариш учун зарур маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда ажратиш;
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шодмоновга – ушбу қарорда белгиланган барча тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, фтизиатрия муассасалари ва силга қарши санаториялар биноларининг ўз вақтида фойдаланишга топширилиши ҳамда замонавий жиҳозлар билан таъминланиши юзасидан шахсий жавобгарлиги кўрсатиб ўтилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида сил ва носпецифик ўпка касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш, даволаш масалалари бўйича ахборот-маърифат ишларини мунтазам равишда амалга оширсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 13 февраль
Манба: ЎзА