Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хориждаги ватандошлар тарғиботининг илк самараси
2019-02-13 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3982-сонли қарори билан тасдиқланган “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати консепцияси”да хорижий туристларни жалб қилиш, мамлакатнинг туристик салоҳиятини, инфратузилмасини ва Ўзбекистонда туризмнинг янги турларини ривожлантириш йўналишида хорижлик ватандошларни кенг жалб қилиш ва улар билан ҳамкорликни ривожлантириш вазифаси юклатилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан АҚШ, Германия, Чехия, Буюк Британия, Голландия, Швейцария, Австрия, Полша, Латвия, Япония, Малайзия, Индонезия, Саудия Арабистони ва бошқа бир қатор хорижий мамлакатларда истиқомат қилувчи ватандошлар билан алоқа ўрнатилиб, улар билан мулоқот йўлга қўйилди.
Шунингдек, Қўмита томонидан ватандошлар талабларига кўра Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи материаллар етказиб берилмоқда. Жумладан, Чехия, Полша, Япония ва Германия каби давлатларга дастлабки тарғибот материаллари етказилиб, бугунги кунда ватандошлар томонидан тарғибот ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Япониядаги ватандошларимиз биринчилардан бўлиб тарғибот ишларига кўмаклашиш ташаббуси билан чиқишди ва Япониянинг кўплаб шаҳарларида кенг кўламли тарғибот ишлари ташкил этилди. Олиб борилган бу ишларнинг натижаси сифатида биринчи сайёҳлар гуруҳи жорий йилнинг 11 февраль куни юртимизга ташриф буюрди.
Гуруҳ аъзолари: Кусаба, Сеино, Ягиура, Ҳашимото, Миёши, Коике, Ясука, Ҳашимото ва Ягиураларни кеча Ислом Каримов номидаги Халқаро Аэропортида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи С.Акбаров бошчилигидаги Қўмита ва ОАВ вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди. Ташкил этилган тадбир доирасида Қўмита раиси ўринбосари меҳмонларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида маълумот берувчи тарқатма материаллар ва эсдалик совғалари тақдим қилинди.
“Ўзбекистонга келишдан мақсад ўзбек маданияти билан яқиндан танишишдир. Саёҳатимиз 10 кундан иборат бўлиб, ушбу 10 кун давомида Наманган, Андижон, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳарларига ташриф буюришни режалаштирилганмиз. Бу ерга келишимизга сабаб, нимага айнан Ўзбекистонни танлаганимизга тўхталадиган бўлсак, Япониянинг Хирошима шаҳрида яшаётган Ўзбекистонлик Бобуржондан Ўзбекистон ҳақида жуда кўп маълумот олдик, мамлакатда яратилаётган шароитлар ҳақида ва мавжуд маданий мерос объектлари ҳақида тарқатма материаллар берди ва тақдимотлар қилиб, бизда мамлакатингизга нисбатан жуда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Мана шу сабабдан биз бугун шу ерда, сиз биланмиз”, - дейди ташриф буюрган сайёҳлар гуруҳи раҳбари Ясука.
Шунингдек, “Биз жуда ҳайратдамиз, Ўзбекистон меҳмондўст халқ эканлиги ҳақида билардик, лекин бизни бундай тантанали кутиб олишлари тушимизга ҳам кирмаганди. Туризмни ривожлантириш қўмитасининг ўринбосари шахсан ўзлари бизни совғалар билан кутиб олгани очиғи бизни жуда ҳайратга солди. Шу билан бирга юртингизда туризмга қаратилаётган эътиборнинг не чоғлик юқори эканлигини бизга англатди”- деб таъкидлаб ўтди гуруҳ аъзоси жаноб Ҳашимото.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги