Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
МДҲ минтақалари ва араб давлатлари учун АКТ соҳасидаги статистика бўйича ХЭИнинг ҳамкорликдаги семинар-практикуми
2019-02-13 | Технологиялар
12-14 февраль кунлари Тошкентда МДҲ минтақалари ва араб давлатлари учун АКТ соҳасидаги статистика бўйича Халқаро электрон алоқа иттифоқи (ХЭИ)нинг ҳамкорликдаги семинар-практикуми бўлиб ўтмоқда.
Семинар-практикум доирасида ХЭИнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги статистикани тўплаш, қайта ишлаш соҳаси билан боғлиқ барча саволлар спектри муҳокама қилинмоқда.
Тадбирда ХЭИнинг етакчи мутахассислари, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Миср, Уммон, Судан, Жибути, Қатар, Нигерия, Ироқ, Мавритания, Жазоир ва бошқа кўплаб давлатлардан вакиллар иштирок этмоқда.
Семинар очилишида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О. Умаров тадбир иштирокчиларига қутлов нутқи билан сўзга чиқди. У, ўз нутқида, ушбу тадбир мутахассисларнинг кенг қатлами учун телекоммуникациялар соҳасидаги статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилишнинг долзарб йўналишлари бўйича тажриба алмашишлари ва малака оширишлари учун самарали майдон эканини таъкидлади.
Эътироф этиш жоизки, иқтисодиёт, бизнеснинг изчил ривожланиб бориши ҳамда мамлакатимизда ижтимоий янгиланишлар шароитида АКТ соҳасидаги статистика ижтимоий-иқтисодий жараёнлар ва воқеликлар ривожининг объектив қонунларга асосланганлигини, шунингдек, аниқ макон ва замон шароитида улар ўртасидаги ўзаро боғлиқликларни аниқлаш ва ўлчаш имкониятини тақдим этади.
Уч кун давомида семинар-практикум иштирокчилари статистика маълумотларини тўплаш ва уларни ХЭИга тақдим этилиши сифатини оширишга хизмат қилувчи АКТ ривожланиши индекси (IDI), индикаторлар ҳамда уларнинг ҳисоб-китоблари методологиялари борасида ва бошқа кўпгина қизиқарли, фойдали маълумотларга эга бўладилар.
ХЭИнинг ушбу семинар-практикуми доирасида, шунингдек, жорий йилнинг 14 февралида Алоқа соҳасида минтақавий ҳамдўстлик (АМҲ) комиссиясининг ахборот коммуникациялари иқтисодиёти бўйича 39 йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги