Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандда жаҳон рекорди янгиланди
2019-02-12 | Спорт
Самарқанддаги ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида 2002 йил туғилган ва ундан кичик ёшдаги ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда 64 кг вазн тоифасида мусобақада иштирок этган Кумушхон Файзуллаева даст кўтаришда 97 кг тошни ўзига бўйсундирган ҳолда мусобақа олтин медалини қўлга киритиш билан бир қаторда мазкур вазн тоифасида ўсмирлар ўртасидаги жаҳон рекордини ҳам янгилади.
Шунингдек, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони, ўсмирлар ўртасида олимпиада чемпиони бўлган Кумушхон Файзуллаева силтаб кўтаришда 121 кг, жами 218 кг натижа билан ўз вазн тоифасида ҳам тенгсиз деб топилди.
Самарқандда беш кун мобайнида ўтказилган мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 250 нафардан зиёд ўғил-қизлар иштирок этишди.
Манба: Самарқанд вилояти ҳокимлиги