Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлигида “Gateley Plc” халқаро юридик фирмаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2019-02-12 | Жамият
2019 йилнинг 11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Буюк Британияда жойлашган “Gateley Plc” халқаро юридик компания вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев ҳамда Халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси ходимлари иштирок этди.
Учрашув доирасида инвестицияларни жалб қилиш, юридик хизматлар кўрсатиш, халқаро тижорат низоларини ҳал этиш ва юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Gateley Plc юридик фирмасига 1808 йилда асос солинган бўлиб, Буюк Британиянинг бутун ҳудуди бўйлаб ва БААда (2007 йилдан) ўз офисларига эга. Мазкур компания МДҲ давлатлари билан маҳаллий компанияларга ва давлат органларига юридик хизматлар кўрсатиш борасида фаол ҳамкорлик қилиб келади. Gateley Plc компанияси судлар ва арбитражларда низоларни ҳал қилиш, қарорларни тан олиш ва ижро этиш, активларни аниқлаш ва қайтариш, корпоратив низолар, кўчмас мулк, банк (кредит) фаолияти, активларни молиялаштириш ва реструктуризация қилиш, солиққа тортиш каби соҳаларда чуқур тажриба ва амалиётга эга.
Учрашувда томонлар ҳамкорлик йўналишлари, жумладан, қонун лойиҳаларини экспертиза қилиш ва юридик кадрлар малакасини оширишда тренинг ҳамда семинарлар ўтказиш масалалари бўйича келишилиб олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги