Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жакартада “Ўзбекистонга саёҳат” номли фото кўргазма
2019-02-11 | Туризм
Жорий йилнинг 7-17 февраль кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳридаги “Истиқлол” музейида, “Ўзбекистонга саёҳат” номли фото кўргазма ташкил этилмоқда.
Фото кўргазма доирасида “Ўзбекистон уламолар юрти” номли конференция ҳам бўлиб ўтади.
Фото кўргазмада ўтган йил давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган индонезиялик сайёҳлар олган фотосуратлар орқали сараланган 100 таси намойиш этилади. Кўргазмада университет профессорлари, талабалар ва сайёҳларнинг шахсий фото архивидаги расмларни ҳам учратиш мумкин. Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини Индонезияда кенг тарғиб этиш, икки давлат ўртасида туризмини ривожлантириш, туризм соҳасига хорижий инвесторларни жалб этиш ва Ўзбекистонни дунёдаги зиёрат туризми марказларидан бири сифатида намоён этишдан иборатдир.
Эслатиб ўтамиз, фото кўргазмада намойиш этиладиган фотосуратлар www.visituzbekistan.id сайти орқали ҳам эълон қилинади.
Тадбир Туризмини ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Индонезиядаги Ўзбекистон туризм элчиси профессор Э.Ш. Маргианти ҳамда “Истиқлол” музейида маъмурияти билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Шунингдек, фото кўргазмада ташриф буюрувчиларга жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари Бухорода бўлиб ўтадиган Зиёрат-туризми бўйича биринчи халқаро форум ҳақида кенг маълумот бериб ўтиш ҳам режалаштирилган.
Маълумот учун: юртимиз бўйлаб саёҳат қилишга қизиқаётган сайёҳлар учун аниқ, сифатли ҳамда қизиқарли маълумот тайёрлаб бериш йўлида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан кўплаб чет эл ОАВлари, туризм соҳасини ёритувчи босма ва интернет нашрлари билан яқин ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилиб келинмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги