Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қамашида қурилажак завод 20 миллион долларга тушади
2019-02-11 | Иқтисодиёт
Озарбайжоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан бири - “Матанат А“ компанияси вакилларидан иборат делегация Қамаши туманига келганди.
Инвесторлар ҳудуддаги шарт-шароит, ишбилармонлик муҳити, инфратузилма, хом ашё базаси билан яқиндан танишган ва замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирган.
Вилоят ҳокимлиги котибият мудири Улуғбек Эрназаровнинг маълум қилишича, ушбу танишувдан сўнг чет эллик ҳамкорлар вилоятимизда бизнес бошлашга жиддий қарор қилишган. Аҳамиятлиси, Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазирининг мамлакатимизга ташрифи доирасида “Матанат А“ компанияси раҳбарияти ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ойбек Шагазатов қатнашган.
Таъкидланишича, мазкур фирма таклиф этган истиқболли лойиҳа қиймати 20 миллион АҚШ долларига баҳоланган. Унинг доирасида Қамаши туманида гипсокартон, қуруқ қурилиш қоришмаси сингари рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи йирик қувватни ишга тушириш белгиланган. Асосийси, хом ашё муаммо бўлмайди, чунки бу ҳудудда қурилиш материаллари тайёрлашда ишлатиладиган гипснинг салмоқли захираси мавжуд.
М.ШУҲРАТОВ
Манба: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги