Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари Минскдаги халқаро конференцияда иштирок этишди
2019-02-11 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги делегацияси Беларусь пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтган "Адлия органларининг ҳуқуқий давлатни шакллантиришдаги роли" мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этишди.
Мазкур конференция Беларусь Республикаси Адлия вазирлигининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилди. Унинг ишида Беларусь, Россия, Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Грузия адлия органлари раҳбарлари, ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар, адвокатура, нотариат, парламентарий соҳасидаги дунёнинг етакчи экспертлари қатнашди. Улар томонидан адлия соҳасини ривожлантиришнинг муҳим тенденциялари кўриб чиқилди, юридик хизматлар ва медиация соҳаларини ташкил этиш ҳамда ривожлантириш бўйича фикр ва тажриба алмашилди. Давлат ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини ташкил этиш масалаларига доир конструктив мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, кўплаб ўн йилликлар давомида адлия органлари ҳар бир давлатнинг ҳуқуқий салоҳиятини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Замонавий шароитларда низоларни ҳал этишнинг янги усулларига устувор аҳамият қаратилмоқда, медиация институти ривожланмоқда. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш адлия органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари М.Истамов тадбирда мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимида, шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларга бағишланган маъруза билан чиқиш қилди.
Конференция доирасида Ўзбекистон делегацияси биринчи Минск шаҳар нотариал идорасида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишишди ва ушбу соҳа бўйича фикр алмашишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги